Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда музейшунос мутахассисларни тайёрлаш тарихига назар
15:46 / 2024-05-18

18 май – Халқаро музейлар куни

Музейлар фақатгина маданий қадриятлар намойишигина эмас, улар бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи йўлчи юлдуз ҳамдир. Ўзбекистон музейлари 130 йилдан зиёд тарихга эга. Мамлакат миқёсида мунтазам фаолият юритаётган мингдан ортиқ турли йўналиш ва соҳа музейи ташриф буюрувчиларда катта таассурот уйғотади.  Музейлар маънан бойиб, мунтазам кенгайиб боради.  

1977 йилдан буён дунёда анъанавий тарзда 18 май – Халқаро музейлар куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу ҳақда “Халқаро музейлар маслаҳати” (International Council of Museums, ICOM) ташкилотининг 1977 йилдаги йиғилишида қарор қабул қилинган.

Сўнгги йилларда музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва жамият ҳаётидаги таъсирини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Аммо кадрлар масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистонда музейшунос мутахассисларни тайёрлаш тарихи ҳақида Миллий рассомлик ва дизайн институти Музейшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Гулнора Омонхўжаева қуйидагиларни маълум қилди:

– ХХ асрнинг 30-йилларида музей соҳасида олиб борилган қайта қуришлар, малакали кадрларни тайёрлаш масаласи долзарблигини кўрсатган. 1926-1936 йиллар давомида Собиқ Иттифоқ бўйича 150 та музейшунос тайёрланиб, улар орасида Ўзбекистондан ҳам вакиллар бўлган. Бу эса ўз навбатида кадрлар етишмовчилиги муаммосини очиқ қолдирган. 1936 йилда Ўзбекистонда Ўрта Осиё  тарихи ва революция тарихи музейи (хозирда Ўзбекистон тарихи давлат музейи) қошида қисқа муддатли курслар ташкил этилган ва биринчи қабул 25 кишидан иборат бўлган.  

Бундай курслар 1938 йилдан Самарқанд Марказий давлат музейида ҳам ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Марказий архивидаги маълумотга кўра, 1940 йилда республика бўйича 310 нафар музейшунос мутахассис  тайёрланган.  

1930-1970 йиллар давомида Ўзбекистонда музей ишини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган этнограф, археолог, санъатшунос ва музейшунослардан Т.Мирғиёсов, Ш.Иноғомов, М.Бекжанова, И.Сухарев,  М.Юсупов, М.Каплунова, С.Круковская, А.Ҳаитов ва А.Морозова каби мутахассисларни санаб ўтиш мумкин.

Қайд этилишича, бугунги кунда энг аввало музейларда янги билим ва тажрибага эга кадрларга эҳтиёж ортмоқда. Музейлар таркибига ихтисослаштирилган мутахассислардан тарихчи, санъатшунос, биолог ва бошқа соҳа вакиллари билан бирга, менежмент ва маркетинг бўйича билим ва кўникмаларга эга кадрларни жалб этиш муҳим.

Музейлар сиёсатида малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масаласи устуворлик қилмоқда. Бироқ биргина Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида тайёрланаётган музейшунос кадрларнинг иш билан таъминланиш даражаси мақтангулик бўлмаган.

Ўзбекистон музейларининг келажаги бевосита музей соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, музейлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалаларнинг ижобий ҳал этилиши билан боғлиқдир.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА