Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув
15:03 / 2022-03-31

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Коллер, БМТ, ЕТТБ, Европа иттифоқи ва қатор халқаро ташкилотлардан юзга яқин мутахассислар ва экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.  



Юқори даражада ўтказилган ушбу халқаро тадбирда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган долзарб масалалар, яъни аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб ишга эга бўлиш ва меҳнат шароитларини яратиш ҳамда бу соҳада мамлакатнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди:   
 
– 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган 300 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизими ислоҳ қилинди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш соҳасида аниқ натижаларга эришилди. Хусусан, қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни имплементация қилиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, институционал базани ривожлантириш, тизимли мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш, фуқаролик жамияти ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш соҳаларида тизимли ишлар олиб борилди.  



Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик базасини мустаҳкамлаш борасида 2019-2021 йилларда 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ва баённомалари ратификация қилинди. Болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши энг самарали чора-тадбирлардан бири бўлди. Миллий қонунчилигимизни Халқаро меҳнат ташкилотининг Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясига мувофиқлаштирдик. 

2021 йилнинг сентябр ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастури қабул қилингани томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Қолаверса, ушбу дастур ўзаро ишончли мулоқотни чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратди. 

Бугунги мулоқотимиз Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар жараёнларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Мамлакатимизда меҳнат қонунчилигини Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари ва тавсияларига мувофиқлаштириш ишлари давом эттирилади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида ушбу йўналишдаги ишларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, – деди Сенат Раиси. 

Халқаро анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, соҳага бозор тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, меҳнат қонунчилиги устидан самарали назорат ва мустақил мониторингнинг амалга оширилиши пахтачилик соҳасида тизимли мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этишга хизмат қилди. Шунингдек, мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларининг амалиётга татбиқ этилишида 2019 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда самарали фаолият юритаётган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий ва ҳудудий комиссиялари аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги қайд этилди. 

Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, Жаҳон Банки, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги, “Cotton Campaign” халқаро коалицияси каби ташкилотлар томонидан билдирилган таклифларни амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва ижроси таъминланди.  



Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдернинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаати тингланди. Г.Райдер Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этишда Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик ўрнатилгани, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилганини қайд этди.  

– Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури БМТнинг Ўзбекистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида ҳамкорлик дастурига тўлиқ мос келади ва Ўзбекистон дунёдаги бундай дастурни қабул қилган биринчи мамлакат ҳисобланади, – деди Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер   

Шунингдек, анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга, шу жумладан болалар меҳнатига барҳам берилгани, умуман, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида кейинги йилларда Ўзбекистон эришган ютуқларни алоҳида эътироф этди. 



Тадбирда ижтимоий ҳимоя, бандлик соҳасида самарали давлат бошқаруви, меҳнат соҳасидаги ижтимоий мулоқот мавзуларига бағишланган сессия йиғилишларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси, Молия вазирлиги ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакилларининг фикрлари эшитилди. 

Мазкур анжуман доирасида Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини янада ривожлантириш юзасидан янги лойиҳалар ишлаб чиқилади.

  
Муҳтарама Комилова, ЎзА