Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали 5 октябрь куни бўлиб ўтган овозли чатда «Рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва устувор вазифалар» мавзусида кузатувчилар томонидан берилган саволларга алоқа тизими ходимлари томонидан жавоб берилди.
Овозли чатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимлари, IT-park директори Абдулаҳад Қўчқоров, Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Мурод Йўлдошев, Электрон хизматларни ривожлантириш бўлим бошлиғи Дилшод Мирзаевлар иштирок этишди.
— Рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтсангиз? «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида электрон давлат хизматлари кўрсатилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сони 2 баробарга етказилади, дейилган. Бу бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?
— Ҳозирги кунда ягона порталда 340 дан ортиқ давлат хизматлари электрон тарзда тақдим этиб борилмоқда. Йил якунига қадар бу хизматлар сонини 370 тага етказамиз. Ушбу порталнинг мобил иловаси бор. Ҳозирги кунда 28 миллиондан ортиқ интернет фойдаланувчилар бўлса, 95 фоизи мобил қурилма орқали киради. Мобил қурилма фойдаланувчиларига қулай бўлиши учун ягона порталнинг мобил иловаси орқали тақдим этилаётган 130 дан ортиқ хизматларни йил якунига қадар 165 тага етказамиз.
— Тошкент шаҳридаги IT parkлар ва у ердаги ўқув жараёнлари ҳақида маълумотларни қаердан билиш мумкин?
— IT соҳасидаги янгиликларни билмоқчи бўлганлар учун IT park сайти мавжуд. Бундан ташқари, 71 2091199 рақамига боғланиб, бемалол барча саволларга тўлиқ маълумотлар олиш мумкин.
— Бугунги кунда юртимизда нечта мобил компаниялар бор ва уларни назорат қилиш тартиби қандай?
— Ўзбекистонда 6 та мобил компания фаолият юритяпти. Уларнинг умумий абонентлари сони 30 миллион 500 мингтадан ошиқ. Энг кўп абонентга эга “Beeline” билан “ Ucell” компанияси. Лекин бу кўрсаткич ўзгариб туради.
— Энг чекка ҳудудларда қайси компаниянинг сифати яхши, деб айта оласиз?
— Республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳамма компаниянинг ҳам сифати яхши. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 12 мингга яқин аҳоли масканларидан 100 тасида алоқа қамрови яхши эмас. Бу аҳоли қамровининг 1 фоизини ташкил этади. Яъни аҳолининг 99 % мобил алоқа қамрови бор. Қайси компаниянинг мижозлари кўплигига қараб ҳам унинг бошқа компанияларга қараганда ишлаш тизими сифатли эканини билиб олса бўлади.
— Чироқ ўчиб қолганда, интернет хизмати ҳам ўчиб қолади. Бунинг олдини олиш учун аккумулятордан фойдаланиш, яъни узлуксиз таъминотини йўлга қўйиш мумкинми?
— Бу бўйича станцияларнинг барчасига қўшимча дизель генераторлар ўрнатилган. Чекка қишлоқларда қуёш станциялари, шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/cM1KVO-tnLI" title="Ўзбекистонда қайси мобил компаниянинг сифати яхши?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Н. Раҳмонова, Ё. Мелибоев (видео), ЎзА