Мамлакатимизда 2026 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдори ойига бир киши ҳисобида 715 минг сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2025 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ҳамда хизматлар бўйича шаклланган нархлар индекси асосида алоҳида индексация қилиниб аниқланган.
Бу ҳақда Статистика қўмитаси маьлум қилди.
Мазкур кўрсаткич давлат томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлашда қўлланилади. Шунингдек, у мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилашда асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Бунда аҳолининг реал истеъмол одатлари ва эҳтиёжлари ҳам инобатга олинади.
Бундан ташқари, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағалликка қарши курашишга қаратилган давлат стратегиялари ва дастурларининг самарадорлигини баҳолашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. У орқали амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг манзиллилиги оширилади ва уларнинг доимий мониторинги юритилади.
Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилашда ҳам асосий мезонлардан бири сифатида хизмат қилади. Кам таъминланган оилаларга бериладиган турли моддий ёрдам турлари ҳам айнан шу кўрсаткич асосида ҳисобланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда минимал истеъмол харажатлари киши бошига 669 минг сўм (+3 фоиз) этиб белгиланган эди. 2024 йилда эса камбағаллик чегараси икки марта оширилди. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши фонида у яна 4,3 фоизга — ойига 648 минг сўмгача кўтарилган. Йиллик ҳисобда кўрсаткич 7,7 фоизга ўсган.
Ш.Маматуропова, ЎзА