Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар, миллий маданий марказлар фаолияти ривожланмоқда
17:31 / 2024-10-10

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, дея қайд этилган.

10 октябрь куни “Дебат Холл” медиа марказида “Янги Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда республикамиздаги миллий маданий марказ ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

–Биз туркман халқи вакиллари ўз урф-одатларимизни сақлаб қолишимизда, уларни келажак авлодга етказиб беришда кўмаклашилмоқда. Хусусан, ўз тилимизда билим олиш, радио ва телевидение эшиттиришлари ташкил этилган. Бундан ташқари, Махтумқулининг 300 йиллигини кенг нишонлаш ҳам ушбу ижобий ишларга мисолдир, – дейди Республика туркман маданият маркази раиси Гулдане Авездурдиева.  

Дарҳақиқат, маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик йилларида юртимизда миллий маданий марказларнинг 500 дан ортиқ фаоли орден ва медаллар билан тақдирланди.

Бу йил кенг нишонланган 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун 30 нафар турли миллат вакиллари бўлган юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Шунингдек, 283 нафар маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан таъсис этилган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Этномаданий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида миллий маданий марказлар учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Дўстлик уйлари” ташкил этилди, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва ривожлантирилмоқда.

–Ўзбекистонда ҳозирда 300 мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб инсонлар истиқомат қилади ва "Ўзбекистон – умумий уйимиз" шиори остида ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда, – деди Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Анора Жабборова.

Тадбирда жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига навбатдаги сайловлар ва унда иштирок этувчи кўп миллатли халқимизнинг сиёсий ҳуқуқлари хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА