Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда микромолия ҳажми 1,8 баробарга ўсди
12:53 / 2025-12-09

Марказий банк томонидан жорий йилнинг III чорак Микромолия хизматлари бозори шарҳи эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, жорий йилнинг январь – сентябрь ойларида Ўзбекистонда микромолия хизматлари бўйича бозор ҳажми 104 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар ўсганини англатади.

Натижада, микромолия хизматларининг жами кредитлар таркибидаги улуши 34,2 фоизга етди. Бу кўрсаткич, ўтган йилга нисбатан 7 фоиз бандга кўп. Бозорнинг асосий қисми — 79,5 фоизи банклар ҳиссасига тўғри келади. Қолган улуш микромолия ташкилотлари (18,5 фоиз) ва ломбардлар (2 фоиз) томонидан кўрсатилган.

Хусусий банкларнинг микромолия хизматлари ҳажми бир йил ичида икки баробар ошиб, 57 трлн. сўмга етди. Давлат иштирокидаги банкларда эса бу кўрсаткич 25,7 трлн. сўмни ташкил этди.

Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар кўрсатган умумий хизматлар ҳажми 19 трлн. сўмни ташкил этди. Унинг 73 фоизи, яъни 13,9 трлн. сўм учта йирик микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилнинг 9 ойида жами 83 трлн. сўмлик микроқарз ва 21 трлн. сўмлик микрокредит ажратилди. Шу билан микроқарзлар бозорнинг тахминан 80 фоизини, микрокредитлар эса 20 фоизини ташкил этмоқда. Миллий валютада берилган микромолия хизматлари ҳажми 103,5 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, хорижий валютадаги хизматлар улуши жуда кичик — 500 млрд. сўм атрофида бўлган.

Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳрига тўғри келади.  Мамлакатдаги микромолия хизматларининг тахминан 64 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келади. Бозорда энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри, Қашқадарё вилояти ва Хоразм вилоятида қайд этилган.

Микромолия бозори қисқа вақт ичида кескин кенгайди. Бу аҳолининг кичик миқдорли кредитларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганини кўрсатади. Банклар айниқса, хусусий банклар, бозорда етакчилик қилмоқда — улар орқали кўрсатилган хизматлар ҳажми икки баробар ўсган. Микромолия ташкилотлари фаол бўлса-да, уларнинг бозордаги улуши банкларникига нисбатан анча паст. Ҳудудий жиҳатдан пoйтаxт ва марказий шаҳарлар бозорда доминант, вилоятларда микромолия ҳажми нисбатан паст. Бу ҳудудлар ўртасидаги табиий иқтисодий номутаносибликни англатади.

Мутахассислар ва регуляторлар олдида бир қатор муҳим вазифалар турибди. Микромолия хизматлари тез суръатларда ўсар экан, тўловларнинг ўз вақтида қайтарилиши, мижозлар қарздорлиги ва молиявий барқарорлик масалаларига эътибор кучайтирилиши зарур. Кредитлаш ҳажми ошар экан, банклар ва микромолия ташкилотлари мижозларнинг тўлов қобилиятини аниқ баҳолаши, рискларни минималлаштириши лозим. Ҳудудий номутаносибликни камайтириш мақсадида вилоятларда микромолия хизматларини кенгайтириш, янги маҳсулотларни жорий этиш муҳим. Бозор динамикасини доимий кузатиб бориш, зарурат туғилганда регулятив механизмларни янгилаш банк тизими барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА