Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизга етказилади
14:24 / 2025-06-19

Жорий йилнинг 11 март куни давлатимиз раҳбарининг “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил этилди. Иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш – Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига, ягона техник сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш “Иссиқликтаъминоти” АЖга юкланди.

Қарорга асосан, жамият устав капиталидаги 23 та иссиқлик корхоналарини МЧЖ шаклида қайта ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Хўш белгиланган вазифалар ижроси қандай таъминланяпти?

–Бугунги кунда қарор ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Султонов. – Хусусан, марказлашган иссиқлик таъминотини модернизация қилиш ва ривожлантириш йўналишида кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 минг 681 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш орқали марказлашган иссиқлик таъминотини “ёпиқ” тизимга ўтказиш кўзда тутилган. Инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029-йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқлари, шу жумладан 2025-2026 йилларда 18 та қозонхона ва 258 км иссиқлик тармоқларини янгилаш кўзда тутилган. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш учун 500 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳудудлардаги 8 та қозонхона ва 80 км иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишлари, 25 та “Янги Ўзбекистон” массивларида қозонхона ва иссиқлик тармоқлари қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 35 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1 минг 84 та кўп қаватли уйлар ва 110 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тизимини “ёпиқ” тизимга ўтказиш учун қўшимча 50 миллиард сўм маблағлар ажратилади. Қолаверса, давлат-хусусий шериклик асосида 9 та лойиҳа, жами қуввати 756 МВт бўлган 8 та қозонхона ва 403 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 2 минг 105 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш режалаштирилган.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 83 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1 минг 850 та кўп қаватли уйлар ва 418 та ижтимоий соҳа объектларида иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида Нукус ва Бухоро шаҳарлари иссиқлик таъминоти тизимларида бир вақтнинг ўзида икки турдаги энергия ишлаб чиқаришни назарда тутувчи когенерация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга старт берилади. Бунда, Нукус шаҳридаги 20 мингдан ортиқ хонадонли 511 та кўп квартирали уйлар ҳамда 182 та ижтимоий соҳа объектлари марказлашган иссиқлик билан таъминланади, Бухоро шаҳридаги 8 мингга яқин хонадонли 153 та кўп квартирали уй ҳамда 22 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти яхшиланади.

– Халқаро молия институтлари иштирокида 13 та янги истиқболли лойиҳалар, жами қуввати 294 МВт бўлган 10 та қозонхона ва 617 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 2 минг 285 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Давлат бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди, — дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ раиси ўринбосари Алижон Ҳикматов. — – Жорий йилда Андижон, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари, Бўстонлиқ ва Нуробод туманларида лойиҳаларни бошлаш чоралари кўрилади. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 121 мингдан ортиқ хонадондан иборат 2 минг 634 та кўп қаватли уйлар ва 480 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизга етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш чоралари кўрилади.

Энг асосийси, қарорда белгиланган тадбирларнинг молиялаштириш манбалари ва маблағлари аниқ белгилаб берилди. Бу эса иссиқлик таъминоти соҳасида янгича қараш ҳамда соҳанинг жозибадорлигини ошириш имконини беради. Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг иссиқлик таъминоти соҳасидаги қўшимча вазифалари белгилаб берилди.  

Бунда ҳокимликлар ўз ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларнинг ички иситиш тизимларини тиклаш ёки янгилаш харажатларини қонунчилик билан тақиқланмаган манбалар, шу жумладан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминлаш масаласини ҳал қилади.  

Бундан ташқари ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари моддий-техника базасини ва молиявий ҳолатини яхшилаш, шу жумладан, дебитор ва кредитор қарздорлигини қисқартириш ҳамда истеъмолчиларга ҳисоблагичлар ўрнатиш параметрлари бажарилишига шахсан масъул ҳисобланади.

Энг муҳими, ушбу қарор билан, уй-жой ва бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишнинг келгуси 5 йилдаги асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, илғор хорижий тажрибалар асосида стратегик таклифлар ишлаб чиқилиб, иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини бошқарувчи ва мувофиқлаштирувчи ташкилот ташкил этилади.  

Марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойларнинг иситиш тизимида локал қозонхоналар қурилади ва бошқа муқобил технологияларни жорий этиш ҳисобига бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд ҳудудларда янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа муассасалари, саноат ва тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларининг иссиқлик тармоқларига уланиши мажбурий ҳисобланади.

Яна бир маълумот, яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқликтаъминоти” АЖ Саудия Арабистонининг “Saudi Tabreed” компанияси билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Арда Хива” туристик мажмуасида тригенерация тизимларини жорий этишга қаратилган шартнома имзолади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 17 миллион АҚШ долларини ташкил қилади ва 100 фоиз “Saudi Tabreed” компанияси маблағлари жалб этилади. “Арда Хива” туристик мажмуаси истеъмолчиларини иссиқлик ва электр энергияси ҳамда марказлашган совитиш тизимлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 15 МВт (5 МВт электр, 5 МВт иссиқлик энергияси ва 5 МВт совитиш) қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Ўзбекистоннинг иситиш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Эски қозонхоналар ва тармоқлар янгиланиб, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти қамрови кенгайтирилмоқда. Усиз уйларда локал қозонхоналар қурилади. Бу газ сарфини 20 фоизга камайтириш имконини беради.  

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА