Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги биринчи эко-университет — “Green University” очилди (+видео)
14:26 / 2024-02-12

Минтақада экологик муаммоларга ечим таклиф қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) ташкил этилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University” таъсисчисидир. 

Тошкент вилоятида мазкур университетнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори Гретел Агилар, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар “Green University”нинг минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни ҳақида фикр билдирди. 

– Университет очилиши экологик таълимни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик минтақавий ташаббус бўлди, – дейди Гретел Агилар. – Ушбу университет биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, иқлим ўзгариши ва ифлосланишнинг уч карра сайёравий инқирозини ҳал қилишда ёрдам беради. Экологик таълим орқали университет бой табиатга эга минтақани асрашга хизмат қилади. 

Қайд этиш лозимки, университет давлат олий таълим муассасаси бўлиб, “Hub and Spoke” тамойили асосида фаолият олиб боради. Ушбу модел стратегик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, яхлит ўқув тизимини яратиш, ресурсларни оптималлаштириш, талабалар ва мутахассисларнинг ҳаракатчанлигига асосланади. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш, билим ва тажриба алмашишга ёрдам беради. Ҳозирги кунда ҳамкорлик учун университетга Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ ва бошқа давлатлар халқаро университетларининг турли профессорлари жалб этилмоқда. 

– Ўзбекистон экология ифлосланишидан энг кўп зарар кўраётган ҳудудлар сирасига киради, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Шундан келиб чиқиб бу борадаги манфаатларимизни халқаро ташкилотлар даражасида фаол тарзда ҳимоя қилиб боришимиз керак. Тадбир давомида Марказий Осиё давлатларидан 5 та алоҳида гуруҳ ташкил қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистон томонидан илгари сурилди. Мазкур гуруҳ орқали экология соҳасидаги долзарб масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммолар хусусида муҳокамалар ташкил этилади, таклифлар билдирилади. Гуруҳда Ўзбекистон томонидан ҳам қатъий қарорлар тақдим этилади. “Green University”да халқаро олимлар иштирокида Марказий Осиёда йиллар давомида йиғилиб қолган экологик муаммоларга ечим топиш мақсадида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилади. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Green University”да таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Етакчи, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқа) сертификатларига эга абитуриентлар тегишли фанлардан энг юқори балл олади ва ушбу фанлардан имтиҳондан озод қилинади. 

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади. Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/prz1KtHpg6M" title="Oʻzbekistonda Markaziy Osiyodagi birinchi eko-universitet — “Green University” ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Тошқораева, ЎзА