Президент ташрифидан сўнг...
Юртимизда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторларга қулай шароитлар яратилмоқда. Натижада иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ошиб бормоқда. Кейинги йилларда кўплаб соҳалар қатори савдо, хизмат кўрсатиш йўналишларида ташкил этилаётган истиқболли лойиҳалар бунга яққол мисол бўла олади.
Хусусан, Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонаси ҳудудида “Anglesey Food” корхонаси томонидан маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилди. Марказда “Корзинка” тармоқларидаги 200 га яқин дўкон учун маҳсулотларни сақлаш ва саралаш хизматлари кўрсатилади. Ҳудуди 10 гектарни ташкил этувчи мазкур марказнинг 49 минг квадрат метр қисми омбор майдони ҳисобланади.
Маҳсулотлар сифатини тўлиқ сақлаш мақсадида қурилиш материаллари ва музлаткич камералар учун жиҳозлар Хитой, Туркия, Беларусь ва Россия давлатларидан олиб келинган ва EDGE Advanced халқаро сертификатига эга. Бу марказ фаолиятида энергия ва сув тежамкорлигини таъминловчи воситалардан фойдаланилаётганини билдиради.
[gallery-25956]
Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги “А” синфига кирувчи энг йирик тақсимот маркази ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида 145 та дарвозада текисловчи мосламалар юклаш ҳамда юкни тушириш имконига эга.
Марказда тўрт хил ҳароратли ҳудуд мавжуд. Шу боис, маҳсулотлар турига қараб музлаткичда, паст ҳароратли совитиш камераларида ҳамда қуруқ жойда сақланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни мазкур марказга ташрифи давомида маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш ишлари билан танишиш асносида аҳоли ва жамият учун бу каби лойиҳаларнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.
Хусусан, марказнинг иқтисодий аҳамиятини эътироф этиб, юртимизда инвестор ва тадбиркорларга кўмак бериш давлатимиз сиёсатининг асл мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади. Маҳсулотларни саралаш ва тақсимлаш борасида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар хусусида зарур топшириқ ва тавсияларни берди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4BhUJPeUOh8" title="Mahsulotlarni saqlash va taqsimlash markazi faoliyatiga nazar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА