Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа ишга туширилди
11:15 / 2023-12-15

Ўзбекистонда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш ва давлат бошқарувини номарказлаштириш” лойиҳаси ишга туширилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳамда АҚШ тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.  

Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, Давлат xизматини ривожлантириш агентлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлигининг (Chemonics International) ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил қилади.

Лойиҳада ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган. Жумладан, кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонлар ишлаб чиқилади. Ҳокимиятнинг вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти идоралари ўртасида яқин ҳамкорлик таъминланади.  

Давлат бошқарувида очиқликка асосланган, самарали қарорлар қабул қилиш тизимини татбиқ этиш ва давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечилади. Такрорланувчи вазифа ва функцияларни бекор қилиш, давлат органларини фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий аxборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назорати каби масалалар ҳам лойиҳада назарда тутилган.  

Маълумки, Ўзбекистонда бошланган навбатдаги маъмурий ислоҳотлар натижасида ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан, вазирликлар сони 21 тагача қисқарди, 20 та идора тўлиқ тугатилди. Ижро этувчи ҳокимият янада иxчамлашиб, профессионал, xалқимиз талабларига жавоб берадиган, юқори натижадорликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизими шакллантирилмоқда. 

Ишга туширилаётган мазкур лойиҳа амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишга кўмак беради.  

Тадбир доирасида Адлия вазирлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА