“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДМ томонидан журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир доирасида мамлакатимизда ISO/IEC 17025:2019 — “Синов ва калибрлаш лабораторияларининг компетентлигига қўйиладиган умумий талаблар” стандартини жорий этиш ва баҳолаш жараёнлари ҳақида журналистларга маълумот берилди.

Пресс-тур Тошкент шаҳрида жойлашган фармацевтика маҳсулотларини текширувдан ўтказувчи “Tash-Lab-Agency” синов лабораториясида ташкил этилди.
Лаборатория бугунги кунга қадар 188 та синов усули бўйича аккредитациядан ўтган. Бу ерда дори воситалари таркибидаги моддалар юқори аниқликда таҳлил қилинади. Замонавий юқори самарали суюқлик хроматографияси, газ хроматографияси, атомик ютулиш спектроскопияси ва спектрофотометрия каби илғор технологиялар ёрдамида тадқиқотлар олиб борилади.

Аккредитация маркази мутахассислари ISO/IEC 17025 талаблари асосида лаборатория ходимлари малакаси, асбоб-ускуналар ҳолати, иш муҳитининг стандартга мувофиқлиги ва ҳужжатлар юритилишини синчиклаб баҳолашди.

ISO/IEC 17025 нима учун муҳим?
ISO/IEC 17025 — дунё бўйлаб синов ва калибрлаш лабораториялари учун асосий “сифат паспорти” ҳисобланади. Бу стандарт лабораториялар иш жараёнининг халқаро талабларга жавоб беришини таъминлайди.
Фармацевтика соҳасида эса у алоҳида аҳамиятга эга. Чунки дориларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги айнан лаборатория синовларининг ишончлилигига боғлиқ.
- ISO 17025 — бу нафақат стандарт, балки мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорда тан олинишига йўл очувчи калит, - дейди "Ўзбекистон аккредитация маркази" ДМ бўлим бошлиғи Дилноза Михлибоева. - Ушбу аккредитация орқали биз маҳаллий лабораторияларимизни жаҳон даражасига олиб чиқишга интилаяпмиз. Стандартнинг асосий афзалликлари шундаки, дори воситалари хавфсизлиги тўлиқ кафолатланади.

Халқаро эътироф: ISO 17025 бўйича аккредитациядан ўтган лабораторияларнинг ҳисоботлари қўшимча текширувсиз хорижда ҳам тан олинади.
Савдони енгиллаштириш: фармацевтика маҳсулотлари халқаро бозорда эркин сотилиши мумкин. Рақобатбардошлик: маҳаллий лабораториялар жаҳон компаниялари билан тенг шартларда ишлай олади. Менежмент самарадорлиги: сифатни назорат қилиш тизимлари хавфларга асосланган ёндашув асосида ташкил этилади.
Ўзбекистонда 2025–2030 йилларга мўлжалланган стратегияга кўра, барча муҳим соҳалардаги синов лабораториялари ISO/IEC 17025 стандарти бўйича аккредитациядан ўтказилиши режалаштирилган.
Бу эса маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширади. Халқаро ҳамкорликни кенгайтиради. Аҳолига тақдим этиладиган дори воситалари ва маҳсулотлар сифатини янада ишончли даражага кўтаради.
ISO/IEC 17025:2019 стандартини жорий этиш — бу нафақат фармацевтика саноати учун, балки мамлакатнинг иқтисодий ва илмий тараққиёти учун ҳам муҳим қадам. Ушбу стандартнинг амалиётга киритилиши Ўзбекистонни глобал бозорда ишончли шерик сифатида танитишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА