English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда кўп асрлик пичоқ ясаш анъанаси сақланиб қолган
21:50 / 2023-12-11

“Анадолу” ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган мақолада қайд этилишича, ўзбек маданиятида муҳим ўрин тутган миллий пичоқ ясаш анъанаси асрлар давомида сақланиб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

– Ўзбек ҳунармандлари қўлда ишлайдиган ҳақиқий ўзбек пичоғи санъат асарига ўхшайди, – деб ёзган муаллиф. – Самарқанд ва Бухорода, Фарғона водийсининг Чуст, Шаҳрихон шаҳарларида ишлаб чиқарилган қўлда ясалган пичоқлар республикадан ташқарида ҳам маълум ва машҳур.

Пичоқ тайёрлаш кўникмаси, одатда, отадан ўғилга ўтади. Гарчи миллий пичоқ ишлаб чиқариш мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам кенг тарқалмаган бўлса-да, қўлда ясалган пичоқ ҳар бир ўзбек хонадонининг ажралмас буюми ҳисобланади.

Мақолада пичоқ билан боғлиқ ўзбек анъанаси ҳақида ҳам сўз борган:

– Ўзбеклар алоҳида эътибор қаратадиган пичоқ ўтмишда ошхона анжомигина эмас, балки эркак киши учун зарур иш қуроли ёки ва безак вазифасини ҳам ўтаган. Эл орасида хонада ёлғиз ухлаётган боланинг ёстиғи остига пичоқ қўйиш, гўёки, уни ёмонликдан сақлайди, деган фикр бор.

Шунингдек, илгари ўзбек эркакларида белбоғига чарм ғилофда, қўлда ясалган пичоқ илиб юриш одат тусига кирган. Кейинги йилларда бу урф аста-секин унутилаётгани қайд этилган. Барибир, ўзбекларнинг пичоққа қизиқиши камаймаган: илгари пичоқ эркак камарини безаган бўлса, энди уй деворида қўр тўкиб турибди.

– Ўзбекистон бозорларида анъанавий нақшли, қўлда ишланган пичоқлар сотиладиган махсус жойлар мавжуд, – деб ёзади муаллиф. – Пичоқни, одатда, ишлаб чиқарувчининг ўзи сотади. У мижоз эҳтиёжига қараб, пичоқ танлашда ёрдам ҳам беради.

Г.Сатторова, ЎзА