Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда конституциявий қонунийлик қандай таъминланмоқда?
16:43 / 2025-12-30

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциявий суднинг 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ, ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар 2025 йилда фаол давом эттирилди.  

Асосий қонунни амалга ошириш бўйича 20 та йўналишда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, суд органлари фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди. Тергов судьялари фаолияти қонуний асослари яратилди. Вакиллик органларининг мақоми мустаҳкамланди.  

Фуқаролик жамияти институтлари учун шарт-шароитлар яхшиланди.  

Фуқароларнинг Ўзбекистон бўйлаб эркин ҳаракатланиш, таълим олиш, меҳнат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари таъминланди. Давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилик ҳақидаги нормани самарали амалга оширишга қаратилган замонавий стандартлар жорий этилди.

Айрим маъмурий жазо чоралари қайта кўриб чиқилди, баъзи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, маъмурий иш юритуви амалиётига хусусий айблов институти жорий этилди. Гумон қилинувчи ва айбланувчини тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилди.  

[gallery-26961]

Дунёвий давлат конституциявий принципини рўёбга чиқариш ва виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш чоралари кўрилди. Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиб, унда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича парламент комиссияси тузилди.  

Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар белгиланди. Бозор муносабатларини ривожлантириш, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашга қаратилган тартиб-таомиллар жорий этилди. “Яшил иқтисодиёт” тамойиллари ҳаётга кенг татбиқ қилинди.  

Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилди. Ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, таълим олиш, ишга жойлашишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Конституциявий суд томонидан 2025 йилда конституциявий назорат тартибида 81 қонун ва 386 норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилди.  

Конституциявий суд ахборотида Асосий қонунни амалга ошириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, мажбуриятлар ихтиёрий бажарилишини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларга берилаётган имтиёзларни босқичма-босқич проактив шаклга ўтказиш, тижорат банклари томонидан банк хизматларини кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларига тўлиқ риоя этиш ва молиявий очиқликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида давлат органлари томонидан хизмат кўрсатиш ва аҳоли билан мулоқотнинг бошқа шаклларини тартибга солувчи барча ҳужжатлар ва жараёнларни коррупция ва бюрократияга қарши стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назардан баҳолашдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.  

Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш амалиётини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалари мавжуд бўлган қонун ва қонуности ҳужжатлар бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мақсадида лойиҳа Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш вақтида унда инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар мавжудлиги ҳақида вазирлик хулосасида алоҳида кўрсатиб ўтиш кераклиги айтилди.

Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури ижросини таҳлил қилиш, бу борада мақсадли илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш лозим. Конституция талабларидан келиб чиқиб, барча мажбурий тўловларни ўзида жамлаган ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштириш керак.  

Тизимлашган ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича бошланган ташаббусларни жадаллаштириш зарур. Конституцияга мувофиқ давлат ўз зиммасига олган ижтимоий ва бошқа мажбуриятлар бажарилиши ҳолати устидан парламент назоратини ўрнатиши, айбланувчи, гумон қилинувчи ва ҳимоячи жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан танишиш ва ундан нусха олиш ҳуқуқини ҳам алоҳида белгилаш ҳамда ўз ҳисобидан нусха олиш учун зарур шароит яратиб бериш жоиз.  

Қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган вояга етмаганларнинг узлуксиз умумий ўрта таълим олишини таъминлаш имконини яратиш мақсадга мувофиқ. Мутаносиблик конституциявий принципидан келиб чиқиб, маъмурий қамоқ жазосини қўллашнинг адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ бўлган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, сунъий интеллектга асосланган рақамли технологиялар билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш, шахсий ҳаётнинг дахлсизлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ кафолатларини яратиш мақсадида барча давлат органлари фаолиятини шахсий ҳаёт дахлсизлиги нуқтаи назаридан аудит (“privacy audit”)дан ўтказиш бугунги кун талаби экани алоҳида таъкидланди.  

Олий Мажлис, Ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Омбудсман ва Болалар омбудсмани, Адлия вазирлиги, ННТ, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этган мажлисда муҳокама қилинган масала ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олиниб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА