Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз уч йиллиги «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган бош ғоя асосида юксак савияда нишонланмоқда.
Конституция куни байрами муносабати билан Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент шаҳрининг «Сайилгоҳ» кўчасида “Конституция кўчаси” ташкил этилди.

Тадбир доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституцияда белгиланган асосий қоидалар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида турли интерактив майдончалар, хусусан, тегишли давлат ташкилотлари томонидан “Конституция бурчаклари” ташкил этилди.
Талабалар томонидан ижро этилган мусиқий чиқишлар, флешмоблар, ҳарбийларнинг жанг санъатига оид кўргазмали чиқишлари, ҳуқуқий маърузалар вa сўз усталари иштирокидаги дастурлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
***
Адлия вазирлигида Конституция куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Унда вазирлик раҳбарияти, адлия органи вa муассасаларининг раҳбарлари ҳамда марказий аппарат ходимлари иштирок этди.

Конституция қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан адлия соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар эътироф этилди. Улар адлия вазири буйруғи билан таъсис этилган “Адлия аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Н.Абдуримова, ЎзА