“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси томонидан Жанубий Кореянинг 2,3 млн. долларлик грант маблағлари ҳисобига “Ўзбекистон Республикасида кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш синов лабораториясини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилди.
– Мазкур лойиҳа натижасида энергия сарфи юқори бўлган кондиционер маҳсулотларини муомалага чиқарилишининг олдини олиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт тарзида кириб келадиган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилмоқда, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров. – Шу билан бир қаторда, маҳаллий корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга эришилади. Бу борада Марказнинг Пискент туманида жойлашган синов лабораториялар мажмуаси халқаро талабларга мувофиқ равишда таъмирланиб, зарур бўлган синов жиҳозлари ва ўлчаш воситалари синов мажмуасига олиб келинди. Шунингдек, 5 нафар мутахассислар Корея Республикасида кондиционерларни энергия самарадорлигини баҳолаш лабораторияларида ўз малакасини оширган бўлса, ушбу йўналиш ва мувофиқликни баҳолаш тизими бўйича ташкиллаштирилган ўқув-тренингларида икки мамлакат масъуллари ўзаро тажриба алмашди.
Бундан ташқари, синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосаларни халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида лойиҳа доирасида халқаро ISO 5151 стандартини амалиётга жорий этиш бўйича O‘zDst ISO 5151 стандарти ҳам қабул қилинди.
“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ҳамда Жанубий Корея Республикасининг “Korea Conformity Laboratories” ташкилоти билан ҳамкорликда “Энергия самарадорлик тизимини ривожлантириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш соҳаларида халқаро тажриба” мавзусидаги қўшма семинари ҳам айнан шу йўналишнинг истиқболларига бағишлаб, мамлакатимизда илк бора ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида “Korea Conformity Laboratories”нинг расмий очилиши ўтказилди.
Унда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён, KCL компанияси президенти Йоунг-ҳил Чеон иштирок этди.
- Ушбу лаборатория мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ҳамда четдан импорт тарзида кириб келаётган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини тўлиқ баҳолаш имкониятини вужудга келтиради, - дейди KCL компанияси президенти Йоунг-ҳил Чеон. - Бу орқали, экспортга маҳсулот чиқарадиган маҳаллий корхоналар қўллаб-қувватланади ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштироки ҳар томонлама рағбатлантирилади.
Шунингдек, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосаларни халқаро даражада тан олинишига эришилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА