Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби Москвада чоп этилди
11:07 / 2022-03-15

2019 йилда техника фанлари доктори, профессор Қ.Санақулов, тарих фанлари номзодлари Х.Раупов, О.Хаитова ҳаммуаллифлигида “Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби чоп этилган эди.

Тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов масъул муҳаррир бўлган мазкур китоб Ф.Камалов томонидан рус тилига ўгирилиб, “История горно-металлургии Узбекистана” номи остида Москва шаҳрининг “Грифон” нашриётида нашрдан чиқарилди.

Китоб ҳар қайси замонда ҳам инсоннинг билим ва тафаккур олами, воқеа-ҳодисалар ҳақидаги тасаввурларини бойитишнинг асосий манбаи ва воситасидир. Бу жиҳатдан ҳеч нарса китобнинг ўрнини боса олмайди.

Илм-фан тараққиётнинг бош мезони эканлиги ҳаётда исботланган ва бу китобга бўлган муносабатга чамбарчас боғлиқдир. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай деганларида нақадар ҳақ эдилар. Китоблар бизни соҳибқирон Амир Темурга, шоир ва давлат арбоблари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, буюк алломалар Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибнСино, Улуғбек, Румий ва Замахшарийларга яқинлаштиради.

“Ўзбекистонда кон-металлургия тарихи” китоби нафақат республикамиз, балки Россия Федерацияси илмий жамоатчилиги, кон ва металлургия соҳаси олимлари, мутахассислари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Соҳага алоқадор олий ўқув юртлари талабалари ва профессор-ўқитувчилари, кончилик, металлургия корхоналари мутахассислари, кенг жамоатчиликка мўлжалланган мазкур китоб рус тилига моҳирлик билан таржима қилинган.

“Энг қадимги ва антик даврда кон-металлургия”, “Ўрта асрларда кончилик иши”, “Амир Темур ва темурийлар даврида кончилик”, “Хонликлар даврида кон-металлургия тарихи”, “Туркистонда кон-металлургия соҳасининг ўзига хос хусусиятлари (XIX аср охири-XX аср бошлари)”, “Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг шаклланиши: ютуқ ва муаммолар (1917-1991 йиллар)”, “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кон-металлургия саноатининг янги босқичга кўтарилиши” каби боблардан иборат китобдан ўқувчи мамлакатимиз ҳудудида кончилик ва металлургиянинг илк намуналари пайдо бўлгандан ҳозирги кунга қадар такомиллашиб ва ривожланиб бориши ҳақидаги маълумотлардан батафсил хабардор бўлади.

Китобда республикамиз кон-металлургия саноатининг бугунги кундаги юксалиш одимлари, жумладан, “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятларида амалга оширилаётган ишлар, рўёбга чиқарилаётган инвестиция лойиҳалари, соҳани малакали мутахассислар билан таъминлаш истиқболлари ҳам ёритилган.

Низомиддин Садриддинов, ЎзА