Ўзбекистонда 8 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлиб, улар ҳақидаги маълумотлар узоқ йиллар давомида турли шакл ва тизимларда алоҳида юритиб келинган. Ҳозирда ушбу маълумотларни ягона ахборот тизимида бирлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Лойиҳа доирасида асосий мақсад – мавжуд маълумотлар базасидаги хатолик ва камчиликларни бартараф этиш, аҳоли ҳамда давлат идоралари учун ишончли, қулай ва замонавий хизмат кўрсатувчи ягона платформа яратишдан иборат.
Аҳамиятлиси, аввалги тизимларда маълумотлар асосан солиқ тўловчининг идентификацион рақами (ИНН) орқали юритилган бўлса, янги ягона тизимда маълумотлар шахсий идентификацион рақам (ЖШШИР/ПНФЛ) билан боғланади. Бу жараён инсон омилисиз автоматик амалга оширилаётгани сабабли, айрим ҳолатларда фуқароларга тегишли бўлмаган кўчмас мулк объектлари уларнинг номига бирикиб қолиши мумкин.
Мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 937-сон қонуни асосида мамлакат бўйлаб ялпи хатлов ишлари олиб борилмоқда. Маълумотлар тўлиқ ҳолда УзКАД ахборот тизимига кўчирилиши жараёнида бегона кўчмас мулкларнинг нотўғри бириктирилиши ёки бошқа хатолар босқичма-босқич йўқотиб борилмоқда.
Кадастр агентлиги бу жараёнда аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 1097 қисқа рақамига қўшимча малакали ходимларни жалб этган бўлиб, мурожаатлар қисқа вақтда ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда.
Фуқаролар учун муҳим тавсиялар
Агар сизда ёки яқинларингизда кўчмас мулкка оид маълумотларда хатолик кузатилган бўлса, қуйидаги имкониятлардан фойдаланиб, тезда мурожаат қилишингиз мумкин:
1097 қисқа рақами орқали Кадастр агентлигига қўнғироқ қилиш;
@Dkpuz_bot телеграм боти орқали онлайн мурожаат йўллаш;
my.gov.uz , davreestr.uz ёки open.ngis.uz сайтларида авторизациядан ўтган ҳолда “Менинг мулким” бўлимига кириб маълумотларни шахсан текшириш.
Шунингдек, аниқланган ҳар қандай хатолик бепул ва қисқа фурсатда бартараф этилиши маълум қилинди.
ЎзА