Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда катта футбол мусобақаси: Тимур Кападзе шогирдлари баҳсларга қандай тайёргарлик кўрди?
16:54 / 2022-05-31

Эртага, 1 июнь куни пойтахтимизда футбол бўйича U-23 Осиё кубоги баҳсларига старт берилади. Хабар берганимиздек, биринчи тур ўйинида вакилларимиз Туркманистон терма жамоасига қарши ўйнайди.

Бугун мазкур ўйин олдидан ҳар иккала терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.  

Дастлаб Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

– Юртимизда ушбу кубок ўйинининг бўлаётганидан хурсандмиз. Турнирга тайёргарлик яхши бўлди. Мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз. Барча жамоаларга омад тилайман. Осиё кубогида кучсиз терма жамоа йўқ. Эрон, Қатар кучли жамоалар. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади, – дея таъкидлади Тимур Кападзе. 

Эртага Ўзбекистонга қарши майдонга тушадиган Туркманистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмед Агамуродовнинг отаси Тачмурод Агамуродов ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш. Узоқ вақт Ўзбекистон клубларида мураббий сифатида фаолият кўрсатган. 

– Биз мусобақада илк марта қатнашмоқдамиз. Чемпионат Ўзбекистонда ўтаётганидан хурсандмиз. Кубок баҳсига жиддий тайёрланганмиз. Рақиблар кучли. Эртанги рақибимиз Ўзбекистон барчасидан ажралиб турадиган рақиб ҳисобланади, – дея эътироф этди Аҳмед Агамуродов. 

Шунингдек, бугун кун мобайнида ушбу қитъа кубоги ўйинларида қатнашаётган бошқа жамоа мураббийлари, футболчилари иштирокида ҳам матбуот анжуманлари бўлиб ўтди. 

Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз гуруҳ босқичида Туркманистон, Қатар ва Эрон вакиллари билан баҳс олиб боради. Ҳамюртларимиз илк ўйинни 1 июнь куни Туркманистон, кейинги учрашувни 4 июнда Қатарга ва 7 июнь куни Эронга қарши ўтказади.  

Т.Рўзиев,  ЎзА