Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди, янги дастурлар жорий этилди, бу муаммога барҳам бериш мақсадида Хитой тажрибаси жорий этилди.
Хўш, қўлланилган чора-тадбирлар ўзини оқладими? Аҳолининг эҳтиёжманд қатлами қандай молиявий қўллаб-қувватланмоқда, бу ўз самарасини беряптими? Давлат дастурлари ижросини таъминлашда қандай муаммолар мавжуд ва уларнинг ечими нималарда кўринади?
Шулар хусусида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бўлим бошлиғи Шерзод Муродов билан суҳбатлашамиз.
– Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида Хитой тажрибаси қўлланилмоқда? Бу қандай натижа беряпти?
–Юртимизда 2020 йилга қадар камбағаллик йўналишидаги ишлар сир сақланар эди. Бугунги кунда бу борадаги ишлар очиқ-ошкора амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Хусусан, амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йил якунида камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига келиб, 3 фоизга қисқариб 14 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунда юртимизда камбағалликни қисқартириш борасида Хитой тажрибаси асосида ишлар олиб борилмоқда. Аввало Хитой тажрибасини ўрганиш учун ҳоким ёрдамчилари Хитойда амалиёт ўтаб келди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2022 йилда Хитой камбағалликдан холи ҳудуд деб эълон қилинди. Бугунги кунда Хитойда камбағал аҳоли мавжуд эмас. Хитой тажрибасини ўргангандик. Ўрганишлар натижасида 8 йўналиш бўйича ишлар белгилаб олинди. Хитой тажрибасида шуни кузатдик, аҳолининг камбағал қатламини камбағалликдан чиқаришда фақат тадбиркорлик ёки бандликни таъминлаш билан чегараланмас экан.
Уларда оилада туғилган фарзанднинг тарбияси, боланинг озуқаси ҳам инобатга олинар экан. Хитойда камбағал оиланинг фарзанди учун боғча пули олинмайди. Яъни бепул. Мактабларда 1-5 синфгача бепул озиқ-овқат берилади. Ўқувчиларга ўқув қуроллари ҳам давлат томонидан бепул берилади. Бундан ташқари болаларнинг соғлиғи доим давлат томонидан назоратга олинган.
Қишлоқ жойларида инфратузилмани яхшилаш, хотин-қизларни камбағалликдан чиқариш мақсадида уй шароитида касаначилик, тадбиркорликка жалб қилишга эътибор қаратилмоқда. Хитойда аёлларни илмли қилишга кўпроқ эътибор қаратилади. Чунки, аёллар кўп вақтини фарзандлари билан ўтказади, унинг тарбиясига кўпроқ масъул бўлади.
Мамлакатимизда ҳам бу тажриба қўлланилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига субсидиялар берилмоқда. Субсидиялар тоифасига қараб маблағ ажратилади. Мисол учун, иссиқхона қуриш учун 10 миллион сўмгача маблағ қоплаб берилади. Бу маблағга 1 сотих ерга иссиқхона қуриш мумкин. Асбоб-ускуналари учун 7 миллион сўм ажратилмоқда. Аниқроқ айтганда бу тоифадаги аҳолига давлатимиз томонидан энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 30 бараваригача 14 тур бўйича субсидия маблағлари ажратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибаси асосида ҳар бир оила билан индивидуал дастур асосида камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳоким ёрдамчиси шу оилага бориб уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳар бир оилага дастур тузган. Дастур асосида уларни камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
– Юқорида айтиб ўтдингиз, юртимизда 14 фоиз аҳоли камбағал деб эълон қилинган. Уларнинг бир кунлик даромади ҳисоб-китоб қилинганми?
–Бу Статистика агентлиги томонидан ўрганиб чиқилган. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2023 йил 1 июлгача бўлган даврда аҳолининг минимал истеъмол харажатлари 1 ойлиги 498 минг сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 июлидан 568 минг сўмни ташкил этди. 568 минг сўмдан кам топаётган оиланинг барчаси камбағал оила сифатида ҳисобга олинган.
–Камбағалликни қисқартириш учун қабул қилинаётган ҳар хил дастурлар бизни асосий мақсаддан чалғитмаяптими? Иқтисодчиларнинг фикрича, камбағалликка қарши курашнинг энг яхши йўли – иқтисодий ўсиш ва нақд пулда бериладиган манзилли ёрдамлардир. Бу борада фикрларингиз.
–Менинг шахсий фикрим – одамларга пул бериб, камбағалликдан чиқариб бўлмайди. Уларнинг қобилиятига қараб тадбиркорликка йўл очиб бериш, даромадини ошириш бўйича тадбирлар амалга оширган ҳолда камбағалликдан чиқариш мумкин. Биринчи навбатда ёшликдан шунга тарбиялаш керак. Таълим олиши, соғлиғига эътибор бериши муҳим аҳамият касб этади.
–Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бандлигини таъминлаш учун уларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, тадбиркорликка йўналтириляпти. Бироқ амалда бу ижобий натижа бермаётгандек. Буни товуқ боқиш можароларида ҳам кўрса бўлади. Бу борада фикрингиз қандай?
–Камбағал оилага кредит бериб, унинг даромадини ошириш жуда қийин. Мисол тариқасида айтиш мумкин, камбағал оиланинг 6 сотихлик томорқасидан унумли фойдаланмаган оилага иссиқхона қуриб берилса, у буни олиб кетолмайди. Чунки, унинг томорқада ишлаш маданияти етишмайди. Аввало бу борадаги билим ва малакасини ошириш керак.
Юқорида товуқ мисолини келтирдингиз. Шуни айтиш жоиз, саноат усулида етиштирилаётган товуқларни хонаки усулда етиштирилаётган товуқ билан фарқи бўлади. Оддий қишлоқ шароитида товуқларни далага қўйиб юбориш оқибатида боқиб тухумини олиб, истеъмол қилиб юрганмиз. Аммо, товуқни битта қафасга солиб, бериладиган озуқаларини ўз вақтида бериб товуқ боқиш маданияти бўлмагани сабабли, шу ҳолатга келинган. Уларни дастлаб тадбиркорлик мактабларига ўқитиб, шу йўналишдаги тажрибасини ошириб, кейин тадбиркорлигини бошлашига кўмак кўрсатиш керак.
–Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 12 фоизгача камайтириш борасида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев қатор ишлар режалаштирилганини маълум қилган эди. Бу борада маълумот берсангиз.
– Камбағалликдан чиқариш борасида юқорида айтиб ўтганимдек, индивидуал дастур доирасида ишлар амалга оширилмоқда. Яъни, ҳар бир камбағал оилага ҳоким ёрдамчилари кириб, оиланинг ҳар бир аъзоси билан ишлаб, дастур ишлаб чиққан. Ушбу дастур асосида бу оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича режалар тузилган.
Марказий банк томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 30 минга яқин оилага 13 триллион сўм маблағ ажратилган.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/hkJzK-fmmkA" title="Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича қўлланилаётган Хитой тажрибаси ўзини оқлаяптими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири