Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш бўйича Хитой тажрибасининг истиқболлари
14:40 / 2024-01-23

2023 йил 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Хитой тажрибасини ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

Ўтган давр мобайнида шу мақсадда Хитойдан тажрибали экспертлар мамлакатимизга таклиф этилди, мутасадди идораларнинг вакиллари Хитойга бориб, масала қай тартибда амалга оширилганлигини ўз кўзлари билан кўриб келишди.  

Йиллар давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Хитой 800 млн.дан зиёд одамни камбағалликдан чиқарди, камбағаллик даражаси эса 94,4 фоиз пунктга камайди. Бу эса БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Хитой сўнгги йилларда камбағалликни бартараф этиш бўйича жаҳон рекордчиси бўлганини маълум қилишига асос бўлди.  

Нима учун камбағалликни камайтиришда Хитой тажрибасидан фойдаланмоқчи эканлигимиз кўпчиликни қизиқтириши табиий. Эътибор қаратинг: 1978 йилда Хитой аҳолисининг 97,5 фоизи камбағал бўлган. 2019 йилга келиб Хитойда камбағалларнинг улуши 0,4 фоизга тушган, 2021 йилда эса ХХРда умуман камбағал қолмаган. Камбағалликни тугатишда Хитой усулида 2 та омил асосий ролни ўйнаган, яъни иқтисодиётни жадал ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда камбағалликка қарши курашнинг манзилли стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни изчиллик билан амалга ошириш. Камбағалларнинг асосий қисми қишлоқда истиқомат қилгани учун дастлаб аграр соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қишлоқ хўжалигида 1 фоиз ўсиш у ерда камбағалликни 1,4 фоизга қисқартира бошлаган.  

Камбағалликка қарши кураш стратегияси эса 4 та босқични босиб ўтган. Стратегиянинг 1-босқичида мавжуд 2100 та округ чуқур таҳлил қилинган ва улардан 700 таси энг камбағал округлар эканлиги аниқланган. Айнан ана шу камбағал округларга алоҳида эътибор қаратилган. Кейинги 2 та босқичда умуммиллий ёндашувлардан ҳудудий ва маҳаллий (округ ва қишлоқ) стратегияларига ўтилган. 4-босқичда эса бевосита камбағал уй хўжаликлари билан махсус шуғулланилган.  

Турли босқичларда камбағалликни камайтиришнинг турли воситалари ишлатилган. Жумладан, илк босқичларда субсидияли кредит, “озиқ-овқатни ишга алмаштириш” схемаси ва тадбиркорлик учун субсидиялар бериш усулларидан кенг фойдаланилган. Кейинроқ эса аҳолисининг катта қисми камбағал бўлган қишлоқларга ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмалар барпо этишга кўмак берилган. Хитойда камбағалликка қарши кураш умумхалқ ҳаракатига айлантирилган. Бу жараёнда давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этган.  

Давлатимиз раҳбари таъкидладики, Хитойнинг ана шундай илғор тажрибаси асосида камбағалликни камайтириш бўйича 18 та йўналишда манзилли лойиҳалар тайёрланди. Улар ёрдамида камбағалликни камайтириш бўйича умумхалқ ҳаракатининг янги босқичида Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.  

Мутасаддиларга хитойлик экспертлар билан бирга танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш учун комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Ҳар битта туманда янги иш ўринлари яратиш имкониятлари баланд бўлган 10-15 та тадбиркор ажратиб олинади ва уларга туманда камида 1000 та иш ўрни яратиши учун кўмак берилади. Жумладан, мутахассисларни тайёрлаш орқали янги иш ўринлари яратишлари учун маблағ ажратилади, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалаларда преференциялар тақдим этилади.  

Камбағалликни камайтириш бўйича Хитой марказлари билан ҳамкорликда ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш, яхши натижага эришган камида 200 нафар салоҳиятли ҳоким ёрдамчиларини Хитойга амалиёт ўташга юбориш вазифаси ҳам қўйилди.  

Ўзбекистонда камбағалликка қарши фаол кураш 2020 йилдан бошланган. 2022 йилдан эса камбағалликка қарши кураш Хитойда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам умуммиллий тус олди, бир бутун “маҳаллабай” тизими ташкил қилинди.  

Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ҳар бир аҳоли пункти ва маҳаллада камбағалликка қарши кураш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси, тегишли агентлик ва унинг жойлардаги бўлимлари ташкил этилди. Ушбу соҳалар учун масъул бўлган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тузилди.  

Ўтган йил бошида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари 5 тоифага бўлиниб, уларга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикасидан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилган имтиёзлар берилди. Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда давлат камбағалликни камайтириш мажбуриятини олди.  

Амалга оширилаётган сиёсат натижасида ижтимоий ёрдам олаётган кам таъминланган оилалар сони 2017 йилдаги 500 мингдан 2,3 млн.га, ажратилган маблағлар ҳажми эса 7 бараварга ошди. Ушбу чора-тадбирлар туфайли биргина 2022 йилда 1 млн. киши камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси эса бир йил ичида 17 фоиздан 14 фоизга камайди.  

Кўриб турганимиздек, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашда Хитой тажрибасининг самарали элементларидан фойдаланиш яхши натижа бермоқда. Хитойлик ҳамкасблар билан ушбу соҳадаги кейинги ҳамкорликни ривожлантириш, шубҳасиз, камбағалликни қисқартириш соҳасида олиб борилаётган сиёсатни сезиларли даражада такомиллаштириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ниҳоят камбағалликни бартараф этишда белгиланган мақсадларга эришишда самарали воситага айланади.  

Латофат Бўриева,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими