Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Ижтимоий ҳимоя бўйича глобал алянслар – Ўзбекистон” лойиҳаси билан ҳамкорликда халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Қайд этиш керакки, тадбирда 60 нафардан ортиқ қатнашчилар иштирок этмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад ижтимоий ҳимоя тизимида ижтимоий суғуртани янада такомиллаштириш орқали аҳолига қулайликлар тақдим этишдан иборат. Бунинг учун, ўз навбатида халқаро экспертлар ҳам жалб қилинган.
Йиғилганлар ижтимоий суғуртани жорий этиш бўйича халқаро тажриба хусусида фикр алмашди.

—Ўзбекистон аҳолиси учун ижтимоий суғурта тизимининг жорий этилиши — бу нафақат молиявий ёрдамни ташкил этиш механизми, балки адолатли жамият қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Биз бу жараёнда халқаро тажрибадан фаол фойдаланмоқдамиз,— дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Жамшид Абруев. — Халқаро тажриба бизга шуни кўрсатдики, ижтимоий суғурта тизими қанчалик кенг қамровли бўлса, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи ва бирдамлик ҳисси шунчалик мустаҳкамланади. Ўзбекистонда бизнинг асосий мақсадимиз бу тизимни барча қатламлар учун бирдек адолатли ва самарали қилиш.
Ўзбекистонда ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш аҳоли учун қўшимча кафолатлар яратиб, ижтимоий ҳимоя тизими янада самарали ва адолатли бўлишига хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА