Ўзбекистонда ижара фаолияти орқали солиқ тушумлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Солиқ органлари маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат бўйича 685 мингдан ортиқ ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улардан умумий 1,1 трлн. сўм солиқ ҳисобланган.
Бу кўрсаткичлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан ижарадан тушган солиқ тушумлари ҳамда давлатнинг иқтисодий барқарорликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари натижасини кўрсатади.
Жисмоний шахслар орасида тузилган 479,6 мингта ижара шартномаси асосида 870,1 млрд. сўм даромад солиғи ҳисобланди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан шартномалар сони бўйича 9,4 фоиз, ҳисобланган даромад солиғи суммаси бўйича эса 58,7 фоизга ошган. Бу эса ижарадан тушган солиқ тушумлари ва иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада ўсганини англатади.

Юридик шахслар орасида тузилган 206,1 мингта ижара шартномаси асосида эса 307 млрд. сўм солиқ ҳисобланди. Бу кўрсаткичлар 2024 йилга нисбатан шартномалар сонида 22,9 фоиз, солиқ суммасида эса 22,3 фоизга ўсишни кўрсатди, яъни юридик субъектлар томонидан ижарадан тушган солиқ тушумлари ҳамда иқтисодий фаоллик сезиларли даражада ошган.
Шу билан бирга, солиқ қонунчилигига мувофиқ, солиқ тўловчилар томонидан уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлар солиқдан озод қилинган. 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида ушбу имтиёзлар орқали 64,3 млрд. сўм даромад солиғидан озод қилинди. Бу эса талабаларнинг турар-жойга эришишини рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимояни таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Шу даврда талабалар билан 123,6 мингдан ортиқ турар-жой ижара шартномаси тузилди, ижарада турувчи талабалар сони эса 143 711 нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар олий таълим талабалари учун қулай ва ишончли турар-жой шароитлари яратилаётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА