Ўзбекистонда ижара бозори йил сайин фаоллашиб, расмийлаштирилган шартномалар сони кескин ошиб бормоқда. Солиқ қўмитасининг берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь–октябрь ойларида 624 мингга яқин ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилди. Ушбу шартномалар асосида 957,6 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.
Бу рақамлар бозорда шаффофликнинг ошгани ва ижара муносабатлари кенгайиб бораётганини кўрсатади. Жисмоний шахслар ўртасида тузилган 445,1 мингта ижара шартномаси асосида 732,6 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 11,1 фоиз, ҳисобланган даромад солиғи миқдори 50,8 фоизга ошган.

Бу тенденция аҳоли ўртасида расмий ижара муносабатлари кучайганини, рўйхатдан ўтказилган шартномалар сони ортиб бораётганини англатади. Юридик шахслар ўртасида тузилган 178,7 мингта ижара шартномаси бўйича 225 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.
Ўтган йилга нисбатан шартномалар сони 13,5 фоизга, солиқ тушумлари эса 21,6 фоизга ўсган. Бу корпоратив ижара бозорида ҳам талаб ошганини ва расмий айланманинг кенгайганини кўрсатади.
Шу ўринда айтиш жоиз, мамлакатимизда талабаларни уй-жой билан таъминлашни енгиллаштириш мақсадида жисмоний шахсларнинг талабаларга уй-жой ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган. Натижада, 114,4 мингдан ортиқ талаба билан ижара шартномаси тузилган. Ижарада турувчи талабалар сони 135 минг 276 нафарга етган. Солиқдан озод қилинган имтиёз миқдори 50,4 миллиард сўмни ташкил этган. Бу орқали талабалар учун ижара харажатлари енгиллашган, уй-эгалар учун эса расмий шартнома тузиш иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган.
Ўзбекистонда ижара бозори ҳажми барқарор ўсмоқда. Расмийлаштирилган шартномалар сони ва солиқ тушумлари ортиши бозор шаффофлигининг ошиши, солиқ интизомининг мустаҳкамланиши, аҳоли ва бизнес ўртасида ижара муносабатларининг кенгайиши, талабалар учун берилаётган солиқ имтиёзлари самара бераётганини англатади.
Экспертларнинг фикрича, ижара бозоридаги бундай ижобий динамика келгуси йилларда ҳам давом этади. Бу эса иқтисодий фаоллик ошишига хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА