Ўзбекистон ва Испания триатлон федерациялари ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, спортчиларни тайёрлаш ва мусобақаларни ташкил этиш амалий ҳамкорликнинг асоси этиб белгиланган.
Ушбу шериклик орқали тажриба алмашиш, натижаларни яхшилаш ва спортчилар иштирокида қўшма машғулотлар ўтказиш, халқаро турнир ва чемпионатларни ҳамжиҳатликда ташкил этиш назарда тутилган.
Шунингдек, имзоланган ҳамкорлик меморандумида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси учун Европанинг мазкур мамлакатида ўқув-машғулот йиғинлари уюштириш, Испания миллий терма жамоалари билан бир муҳитда, испан мураббийлари раҳбарлигида ва мутахассислар иштирокида тайёргарлик машғулотларини олиб бориш, Самарқандда ташкил этиладиган “World Triathlon Championship Series Samarkand” мусобақасини ўтказиш жараёнида испан ташкилий жамоаси вакиллари тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Испанияда ўтадиган энг муҳим тратлион мусобақаларидан бири “European Triathlon Championship” ҳамда “World Triathlon Grand Final” мусобақаларида Ўзбекистон триатлон федерацияси мутахассисларининг ташкилий жараёнларда тўлақонли иштирок этиб, тажриба орттиришига зарур шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Меморандум икки федерация фаолиятини янада кучайтириш, спортчиларни ривожлантириш ва мусобақаларимизни янада профессионал даражага олиб чиқиш учун янги қўшма ташаббуслар асосини яратади, дейилади федерация хабарида.
Т.Рўзиев, ЎзА