Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилардан рекорд солиқ тушуми
14:09 / 2025-11-17

Мамлакатимизда саноат корхоналарининг фискал эҳтиёткорлиги ва иқтисодий фаоллик даражаси ортиб бораётгани 2025 йилнинг тўққиз ойлик натижаларида яққол намоён бўлди. Ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар томонидан тўланган қарийб 68 триллион сўмлик солиқ тушумлари соҳанинг иқтисодиётдаги етакчи ўрнини яна бир бор тасдиқламоқда.

Муҳим жиҳати шундаки, умумий тушумнинг салмоқли қисми — 14,1 триллион сўм атиги 20 та йирик солиқ тўловчи зиммасига тўғри келади. Бу ҳолат мамлакат саноатида йирик корхоналарнинг улуши катталигини, уларнинг солиқ тушумларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Шу билан бирга, мазкур корхоналарнинг умумий товар айланмаси 168 триллион сўмга етган, бу эса уларнинг ички бозордаги фаоллиги ҳамда экспорт имкониятларининг юқори эканини билдиради. Солиқ имтиёзлари бўйича эса 2 триллион сўмдан ортиқ сумма қайд этилган.

Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиқлари тушумларнинг асосий қисмини ташкил этиб, мос равишда 4,4 триллион ва 3,5 триллион сўм билан энг катта улушга эга бўлмоқда. Фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар ҳар бири 1,7 триллион сўмдан тушум келтирган.

Ижтимоий солиқ, ЖШОДС, мол-мулк солиғи ва бошқа солиқ турларидан тушган маблағлар ҳам саноат корхоналарининг давлат бюджети барқарорлигига қўшган ҳиссасини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, ишлаб чиқариш соҳасида солиқ тушумларининг ўсиши мамлакат иқтисодиётидаги барқарорлик, корхоналар фаолиятидаги тикланиш ва инвестицион муҳитнинг яхшиланиб бораётганидан далолат беради.

Яқин истиқболда солиқ имтиёзлари, рақамлаштирилган назорат тизимлари ва тўлов интизомининг кучайиши саноат корхоналарининг солиқ базасини янада кенгайтириши кутилмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА