Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимояси, шахс дахлсизлиги давлат эътиборида
18:59 / 2025-09-22

Шахс дахлсизлиги ҳар бир инсоннинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, жисмоний ва руҳий бутунлиги, уй-жойи ҳамда маълумоти қонун билан ҳимояланишидир. Бу инсоннинг табиий ҳуқуқи ҳисобланади ва демократик давлатларда асосий конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамланган.

Маълумки, 1948 йил қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 3-моддасида ҳар бир инсон “яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга”лиги белгилаб қўйилган. Бугунги кунда бу меъёрни ҳар бир давлат халқаро стандарт сифатида умумэътироф этган.

Ўзбекистон кейинги йилларда миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш жараёнидаги конституциявий ислоҳот туфайли айни йўналишда муҳим натижаларга эришмоқда. Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги, шахсий ҳаёти дахлсизлиги жамиятдаги ҳуқуқий тартибот ва адолатли бошқарув, демократик тузум пойдеворидир.

2023 йил ўтказилган умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахс дахлсизлиги кафолатланди. Хусусан, 25-моддада яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи сифатида қонун билан муҳофаза қилиниши ҳамда инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят экани таъкидланган, ўлим жазоси бутунлай тақиқланган.

26-моддада ҳар бир шахс шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги мустаҳкамланган. Яъни, бирор шахс қийноққа солиниши, зўравонликка дучор этилиши, инсон шаъни ва қадр-қимматига зид шафқатсиз, ғайриинсоний ёки камситувчи муомалага ёки ўз розилигисиз тиббий ва илмий тажрибага тортилиши ман қилинган.

Қомусимизнинг 27-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ва сақланиши ёки озодлик бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва турмада сақлаш фақат суд қарори билан амалга оширилади. Шахс суд қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқи, ушланиши асоси тушунтирилиши шарт.

Конституцияда айбланувчи ва судланувчи ўзига қарши кўрсатма бермаслиги (“Миранда қоидаси”), сукут сақлаши ҳуқуқи мустаҳкамланган. Бундай ёндашув фуқаро ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ўзбошимча ва ноқонуний ҳибснинг олдини олишга хизмат қилади.

Шахсий дахлсизлик инсонга туғилиши билан бериладиган табиий ҳуқуқдир. Маълумки, кишининг бевосита ўзига тегишли маълумот, шахсий ва оилавий сир, ёзишма инсоннинг шахсий ҳаётини ташкил этади.

Конституцияда айнан шу – шахснинг ҳаётий дахлсизлиги ҳуқуқи кафолатланган. Хусусан, 31-моддада ҳар бир инсон дахлсиз экани, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. Ҳар кимнинг ёзишмаси, телефон сўзлашуви, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши мумкин. Бундай ҳуқуқ чекланишига фақат қонунда белгиланган тартибда суд қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумот ҳимоя қилиниши, нотўғри маълумот тузатилиши, ўзи ҳақида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосга эга бўлмай қолган маълумот йўқ қилинишини талаб қила олади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳар бир инсоннинг уй-жойи дахлсизлиги ҳуқуқини кафолатлайди. Ҳеч ким уй-жойга шу уйда яшовчи шахслар хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга кириш, шунингдек уйни кўздан кечиришга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Буларнинг бариси шахс дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганидан далолат.

Шахс дахлсизлиги ҳуқуқининг конституциявий асоси қонун билан мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида бундай ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги муносабат 2002 йил қабул қилинган “Ахборот эркинлиги принципи ва кафолати тўғрисида”ги қонун, 2019 йил кучга кирган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун, шунингдек Фуқаролик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодекслари билан ҳам тартибга солинади.

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахсга тааллуқли маълумот, қонунга мувофиқ, махфий ахборот тоифасига киради. Ҳар бир шахс ўз шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумот тарқатилганда бундай маълумот рад этилиши билан бирга, шу жараёнда етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддасига кўра, шахсий ёки оилавий сирдан иборат маълумот тегишли шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғилиш ёки тарқатилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 40 баробаригача жаримага сабаб бўлади. Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўллангандан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, жиноий жавобгарликка тортилади ва Жиноят кодекси 1411-моддаси асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан 100 баробаригача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат иши ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш иши билан жазоланади.

Агар  шахсий ва оилавий сирга оид маълумотни муайян шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш ва тарқатиш оғир оқибатга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса), ғаразли ниятда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишдан моддий наф кўриш мақсад қилинса) ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаридан 200 баробаригача жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат иши ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Демак, шахсий ҳаётга доир маълумот мамлакатимизда мавжуд қонун билан қатъий ҳимояланган.

2019 йил қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун билан ҳар бир фуқарога ўз шахсий маълумотини ким ва қайси мақсадда ишлатаётганини назорат қилиш имкони берилган. Яъни, фуқаронинг ахборот хавфсизлиги, ўз шахсий сирига нисбатан ҳуқуқи кафолатланган.

Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқи ва эркинлиги дахлсиз. Бундай ҳуқуқдан кишини суд қарорисиз маҳрум этиш ёки ҳуқуқни чеклашга ҳеч ким ҳақли эмас. Хусусан, шахсни ҳибсга олиш ёки озодликдан маҳрум этиш фақат суд қарорига асосланиши қатъий белгиланган. Шу орқали “хабеас корпус” тизими амалиётга тўлиқ татбиқ этилган. Қолаверса, 2024 йилдан бошлаб тергов изоляторида шахснинг ҳуқуқини таъминлаш мақсадида адвокат билан тезкор учрашув имконияти, мунтазам тиббий назорат ҳамда доимий видео кузатув тизими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида 1995 йил Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ тўғрисидаги Халқаро пакт ҳамда Қийноққа қарши конвенцияни ратификация қилган. Ушбу халқаро ҳужжатлар асосида республикамиз БМТ Универсал даврий ҳисоботини кўриб чиқиш (UPR) механизмида доимий иштирок этиб келмоқда. Ҳисоботнинг 2023 йилги тавсиялари асосида тергов ва қамоқхонада мустақил тиббий кўрик, ҳимоячининг эркин танлови, видео кузатув тизими тўлиқ жорий этилган.

Инсоннинг шахсий дахлсизлиги ҳуқуқи – нафақат конституциявий меъёр, балки демократик жамиятда инсон эркин ва хавфсиз ҳаёт кечиришининг асосий кафолатидир. Бугунги кунда бундай ҳуқуқни таъминлаш учун замонавий технология, хусусан рақамлаштириш жараёни орқали янгича ёндашув талаб этилмоқда. Шу маънода Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрда тасдиқланган “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси инсон ҳуқуқи, жумладан шахсий дахлсизликни ҳимоя қиладиган муҳим ҳуқуқий ва технологик пойдеворни шакллантирмоқда.

Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири – рақамли давлат тузиш орқали фуқароларга қулай, хавфсиз ва самарали хизмат кўрсатиш. Бу жараёнда шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, электрон бошқарув тизимида инсон ҳуқуқини таъминлаш бўйича қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:

2024 йил жорий этилган e-мonitoring тизими орқали тергов изоляторидаги ҳолат, мурожаат, кузатув жараёни онлайн назорат қилинмоқда.

2025 йил 1 январдан бошлаб давлат идорасида шахсий маълумотни ҳимоя қилиш бўйича ахборот хавфсизлиги сиёсати амал қилмоқда. Бу фуқаролар шахсий ҳаётига оид маълумот қонуний муҳофаза остидалигини англатади.

Шу билан бирга сунъий интеллектга асосланган юзни таниш платформаси суд-тергов амалиётига кенг кириб келаётган бир пайт, бундай технология инсон дахлсизлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун ҳуқуқий назорат кучайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси парламентида кўриб чиқилаётган “Сунъий интеллектни тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси сунъий интеллектни ҳуқуқий таърифлаш, сунъий интеллект орқали яратилган контентни мажбурий белгилаш, сунъий интеллект томонидан инсон ҳуқуқларига дахл қилувчи маълумотни тақиқлаш ва соҳада алоҳида мувофиқлаштирувчи идора тузишни назарда тутади.

Бу жараён мутахассислар олдига қуйидаги янги вазифаларни қўймоқда:

биринчидан, ҳуқуқий базани доимий такомиллаштириш;

иккинчидан, жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари очиқ мониторингини қўллаб-қувватлаш;

учинчидан, технологияни қонунга мувофиқ, шаффоф ва масъулиятли тарзда инсон манфаати йўлида ишлатиш;

тўртинчидан, аҳоли, айниқса ёшлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш дастурларни кучайтириш.

Умуман, ҳар бир фуқаро Конституция ва қонунни ҳаётга изчил татбиқ этиши, юқори даражадаги ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлиши лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, шахс дахлсизлиги ҳуқуқи шунчаки Конституция нормаси эмас, балки ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва эркинлигини амалда ҳимоя қилувчи ҳаётий мезондир.

Шу нуқтаи назардан Мустақил Ўзбекистон қонун устуворлиги, инсонпарварлик ва очиқ мулоқот тамойилига содиқ қолган ҳолда, замонавий технологияни инсон ҳуқуқи ва манфаатига хизмат қилдириб, шахс дахлсизлигини таъминлаш борасида янада юқори натижаларга эришишига ишончимиз комил.

Кароматжон Давлетова,

Конституциявий суд судьяси,

Шербек Исақулов,

Конституциявий суд катта эксперти