Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган халқаро улоқ-кўпкари мусобақасига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил «Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган нуфузли беллашув Термиз туманида жойлашган Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби майдонида ўтказилади. Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64 гектардан ортиқ майдонда жойлашган Қорабайир отлари маҳорат мактабида халқаро турнирни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит мавжуд.

–Халқаро мусобақада мамлакатимиз ва воҳамиз вакиллари, кўплаб хорижлик чавандозлар иштирок этади, – дейди Сурхондарё вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Абдумуталип Арабов.– Ўтмишдан халқимизнинг энг суюкли машғулотларидан бири бўлган улоқ-кўпкари мусобақасини дунёга кенг намойиш этадиган халқаро беллашувни юксак даражада ташкил этишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Кўпкари бўлиб ўтадиган ҳудудда чавандозлар, хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар ҳамда мухлислар учун барча қулайлик яратилаётир. Кўча ва хиёбонлар, халқаро турнир бўлиб ўтадиган ҳудуд байрамона безатилиб, миллий қадриятларимиз ва миллий спорт ўйинларимиз акс эттирилган баннерлар ўрнатилаётир. Ғолиблар ва энг эпчил чавандозлар муносиб тақдирланади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Миллий гвардия, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказиладиган турнир меҳмонларини кутиб олиш, жойлаштириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида ҳозирлик кўрилди. Тадбир доирасида миллий спорт турлари ва бошқа кўргазмали чиқишларни намойиш этиш мўлжалланмоқда.
Маълумотларга кўра, халқаро беллашувда ўнга яқин давлатдан 120 га яқин энг моҳир чавандоз, шунингдек, қатор мамлакатлардан тажрибали мураббий ва ҳакамлар иштирок этиши кутилмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА