French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда илк бор “SHARE Uzbekistan” халқаро меъморчилик ва шаҳарсозлик форуми ўтказилмоқда
16:46 / 2025-09-22

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўмагида 22-23 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “SHARE Uzbekistan” халқаро меъморчилик ва шаҳарсозлик форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумда 15 мамлакатдан 30 дан ортиқ етакчи меъмор ва мутахассислар иштирок этмоқда. Делегация таркибидан Даниядаги “Bjarke Ingels Group”, Буюк Британиядаги “Zaha Hadid Architects”, Франциядаги “XTU Architects”, Хитойдаги “MAD Architects” каби дунёга машҳур меъморчилик бюролари вакиллари ўрин олган. Уларнинг иштироки мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли шаҳарсозлик лойиҳаларини халқаро тажриба билан бойитишга хизмат қилади.

Форум ташкилотчиси ҳисобланган “SHARE Architects” илк бор Тошкентда меъморлар, муҳандислар ва соҳа етакчиларини бирлаштирмоқда. 

Маълумот ўрнида, “SHARE Architects” – бу халқаро меъморчилик платформаси бўлиб, у Марказий ва Шарқий Европа, шунингдек, Кавказ ва Марказий Осиёда меъморлар, муҳандислар ва пудратчилар ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Шу вақт ичида компания 106 дан ортиқ тадбирларни ташкил этиб, деярли 20 минг нафар мутахассис ва 2 минг 100 дан ортиқ спикерларни жалб қилди ҳамда минтақадаги энг фаол тадбир тармоқларидан бирига айланди.

“SHARE Architects”– бу халқаро майдонча бўлиб, у меъморчиликдаги юксак ютуқларни эътироф этади ва минтақанинг ривожланиб бораётган қурилиш муҳитидан чиқаётган дизайн инновацияларини жаҳон миқёсида намойиш қилади. Бу йилги танловда 20 мамлакатдан, жумладан Ўзбекистондан ҳам 117 та якуний лойиҳа иштирок этади. Мукофотлаш маросими 3–5 декабрь кунлари Австрияда бўлиб ўтади.

Бугунги кунда “SHARE Architects” юзлаб меъморларни бирлаштирган. Ўтган йилда унинг аъзолари сони 53 мамлакатдан 920 нафарга етди. 

Форумда “SHARE Uzbekistan” халқаро меъморчилик ва шаҳарсозлик форуми мамлакатимиз меъморчилиги ва шаҳарсозлиги учун янги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Тошкент ва бутун минтақанинг келажакдаги ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади. Мазкур халқаро тармоқ қарийб 30 йилдан буён Европа ва Кавказ минтақасида йирик форумлар ўтказиб келмоқда. 

– Пойтахтимизда ўтказилаётган ушбу тадбир платформанинг Марказий Осиёдаги илк ташаббуси ҳисобланади. Бу орқали Ўзбекистон глобал меъморчилик жамоасининг фаол аъзоси сифатида янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу форум ўзбек меъморчилик мактабининг профессионал ривожланишига янада туртки беради, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Давронжон Одилов. – Биз ишонамизки, халқаро ва маҳаллий тажриба синергияси замонавий ва шу билан бирга, миллий қадриятларимизга уйғун меъморий ечимларни яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ҳозирда жадал шаҳарсозлик ўзгаришлари босқичида турибди. Замонавий ва барқарор ривожланишга қаратилган йирик лойиҳалар халқаро меъморлар, муҳандислик компаниялари ва пудратчилар эътиборини ўзига тортмоқда. Мазкур форум маҳаллий меъморлар ва мутахассислар учун илғор тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳамкорлар билан мулоқот қилиш ва янги ғояларни жорий этиш имконини бермоқда. 

Форум дастуридан маърузалар, мослашувчан меъморчилик ва фасад янгиликларига бағишланган сессиялар ўрин олган.

–Маданиятлар, тарихлар ва интилишлар чорраҳаси – Ўзбекистонда мазкур форумни ўтказиш бизни жуда илҳомлантирмоқда, – дейди “SHARE Architects” асосчиси Флорин Миндирижиу. — “SHARE Uzbekistan-2025” форумини ўтказиш биз учун улкан воқеа. Дунёга машҳур меъморларнинг иштироки ва маҳаллий ўзига хослик билан уйғунлашуви янги лойиҳаларни вужудга келтиради. Ушбу нуфузли тадбир юртингизда ўтказилаётгани бизни янада қувонтирмоқда. Чунки, Ўзбекистон дунё тарихини ҳикоя қилувчи тарихий шаҳарлар макони. Ишончим комилки, дунёга машҳур меъморий амалиётларнинг иштироки маҳаллий ўзига хосликни чуқур англаш билан уйғунлашганда, замонавийлик ва анъана барқарор келажак йўлида биргаликда хизмат қиладиган лойиҳаларни яратади. 

Форум доирасида урбанизация, жамоат бинолари ва “Янги Тошкент” лойиҳаси бўйича сессиялар ўтказилди. Форум 23 сентябрга қадар давом этади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/xXQvQ0453r4?si=e1ekaD5CfATloQAb" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА