Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда илк бор Халқаро фармацевтика форуми бўлиб ўтади
20:27 / 2022-06-03

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари ваколатхоналарининг Ўзбекистондаги Ассоциацияси ташаббуси билан Тошкентда Ўзбекистоннинг биринчи Халқаро фармацевтика форуми ўтказилади. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу анжуман давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорликда юқори салоҳиятли лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Тадбир халқаро ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тартибга солувчилар, дистрибюторлар, дорихоналар тармоқлари ва бозор экспертлари ўртасида илғор тажриба ва амалиётлар, инновацион усуллар ва технологиялар алмашинуви майдонига айланиши кутилмоқда.

Мазкур форумда 30 дан ортиқ етакчи хорижий компаниялар ва 60 дан зиёд маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этишини тасдиқладилар.

Форумда Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, унинг сармоявий имкониятлари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.

Алоҳида эътибор соҳани ривожлантиришга оид давлат сиёсати ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, миллий фармацевтика тармоғига халқаро GMP, GVP, GDP стандартларини жорий этиш мавзуларига қаратилади.

Қатнашчилар шунингдек, дори-дармон нархини шакллантириш ва рақамли белгилаш жараёнлари ҳамда дори воситалари айланмасини мониторинг қилиш тизими ҳақида билиб оладилар.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг масъул ходимлари, солиқ, божхона ва антимонополия қўмиталарининг экспертлари, мамлакатимиздаги чет эл элчихоналари ва дипломатик корпуслар, хорижий савдо ваколатхоналари, дорихона тармоқларининг вакиллари, дистрибюторлар иштирок этади.

Форум 2022 йил 15-16 июнь кунлари «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасининг анжуманлар залида бўлиб ўтади.

Шунингдек, форум доирасида Самарқанд шаҳрида 17 июнь куни «Avicenna Heritage» Биринчи халқаро доривор ўсимлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади.

ЎзА