Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бир вақтнинг ўзида юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди.
Миллий хирургиямиз тарихида илк бор амалга оширилган бу операция ўзбек кардиожарроҳ ва трансплантологлари томонидан мустақил бажарилди.
47 ёшли Давронбек Ғойибовга қизи Зебинисо Ғойибова донорлик қилди.
— Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли буни беморнинг юраги кўтара олмаслиги мумкин эди, — дейди марказнинг бўлим мудири, профессор Фазлиддин Баҳриддинов. — Чунки текширувлар давомида бемор юрагининг учта жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди. Биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади. Ўзбекистон ҳудудида эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзоларининг рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли яқунланди.
ССВ матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳозир бемор ва донорнинг аҳволи яхши, уларни тиббий стандартлар бўйича даволаш жараёни давом эттирилмоқда.
ЎзА