Видеоселектор йиғилишида 24 та олис ҳудудда тез тиббий ёрдам бригадаларини тузиш ҳақидаги топшириқ бўйича март ойида фақат Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 9 та бригада ташкил этилгани кўрсатиб ўтилди.
Лекин Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг 15 та олис ҳудудида бу ишлар бошланмаган. Давлатимиз раҳбари 10 апрелга қадар ушбу ҳудудларда тез тиббий ёрдам бригадаларини ташкил этишни топширди.
Шунингдек, очиқ мулоқотда тез тиббий ёрдам тизимидаги анестезиолог, реаниматологлар ойлик иш ҳақига 40 фоиз устама бериш ҳақида кўплаб мурожаатлар тушган. Бир ҳафта муддатда ушбу масалани ижобий ҳал қилиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини Ҳукуматга киритиш вазифаси қўйилди.
2022 йил инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1,2 триллион сўм ажратилди.
Лекин бугунги кунга қадар 32 та поликлиника ва шифохоналарни таъмирлаш бўйича ишлар бошланмаган. Барча қурилиш ишларини 1 октябрга қадар якунига етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, йиғилишда қайси шифохона ва лабораторияда қандай жиҳоз соз ёки носозлиги бўйича аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ҳокимларига 25 апрелга қадар барча бирламчи муассасаларни хатловдан ўтказиб уларга зарур бўлган ва таъмирталаб жиҳозлар рўйхатини шакллантириш топшириғи берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт асбоб-ускуналарига техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш бўйича таклиф киритадиган бўлди.
22 та республика маркази йил якунига қадар Ўзбекистонда илгари бажарилмаган камида 100 та юқори технологик даволаш усулларини йўлга қўйиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мисол учун, Гематология марказида махсус операцион комплексни ташкил этиш ҳисобига оққон касаллигига чалинган беморлар учун илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА