БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда Трансчегаравий ҳайвонлар касалликлари бўйича шошилинч марказ (ECTAD) томонидан USAID “Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастури” доирасида амалга ошириладиган янги ташаббусни илгари сурди.
Дастур мақсади ҳайвонлар ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган турли таҳдидларнинг олдини олиш, шундай хавфни аниқлаш ва вақтида бартараф этиш бўйича мамлакатимиз салоҳиятини оширишдан иборат.
Лойиҳани ишга туширишга бағишланган семинарда қишлоқ хўжалиги– озиқ-овқат тармоғи вакиллари, ветеринария ва чорвачилик соҳаси мутахассислари, халқаро ташкилотлар, миллий илмий-тадқиқот институтлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Глобал саломатлик хавфсизлиги – Ўзбекистондаҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, “ягона саломатлик” ва зараркунандаларга қарши резистентлик бўйича салоҳиятни ошириш ва ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар таҳдидини юмшатиш” лойиҳаси намойиш қилинди, йиллик иш режаси тасдиқланди ва ушбу ташаббус доирасидаги асосий тадбирлар, устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
– Чорвачилик қишлоқ аҳолиси салмоқли қисмининг даромад манбаи, Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин тутади, – деди ФАОнинг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Инсон саломатлиги, хонаки ва ёввойи ҳайвонлар, ўсимликлар ва экология тизими бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. ФАО ушбу ташаббусни инсон, ҳайвон, ўсимлик ва атроф-муҳит саломатлигини таъминлашга қаратилган қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат тизими трансформацияси доирасида қўллаб-қувватлайди.
Юртимиздаги иқлим шароити ва география чорвачиликнинг қишлоқ хўжалигидаги устувор ўрнини белгилайди.
COVID-19 пандемияси кўрсатдики, ҳайвондан одамга юқадиган касалликлар нисбатан қисқа муддатда бошқа мамлакат ёки минтақага етиб бориб, кенг тарқалиши мумкин. Миллий, минтақавий ва глобал даражада кўп тармоқли “Ягона саломатлик” ёндашуви жорий этилиши касалликларнинг олдини олиш, вазиятни самарали назорат қилишга ёрдам беради. Зеро, янги юқумли касалликлар келиб чиқиши аксар ҳолатда жониворлар билан боғлиқ.
Анжуманда “Ягона саломатлик” ёндашуви юзага келиши мумкин бўлган инқирозга тайёр туриш хамда одам, ҳайвон ва атроф-муҳитнинг ўзаро таъсиридан келиб чиқадиган соғлиқ учун хавфни камайтириш бўйича саъй-ҳаракатни бирлаштириш имконини бериши таъкидланди.
Умуман, Ўзбекистонда ҳам ҳайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги устувор вазифага айланган. Айни йўналиш аҳолининг энг заиф қатлами учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек инсон саломатлигини муҳофаза қилиш учун пойдевордир.
Семинарда мутахассислар ҳамкорликни давом эттириш, биргаликда йирик лойиҳалар йўлга қўйишга келишиб олди.
Б.Худойбердиев, ЎзА