ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 570 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади. Уларнинг 311 минг нафари ушбу касаллик оқибатида вафот этади.
Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Туғиш ёшидаги аёллар (18-45 ёш) орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг нафар аёлдан 11 нафарида учрайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонига чалиниш кўпроқ 35-55 ёшли аёллар орасида кузатилмоқда.
Бу ҳақда АОКАда “Бачадон бўйни саратонини олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар” юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълумот беришича, Вирусология илмий-текшириш институти ҳамда Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги 5 та, Андижон вилоятидаги 2 та, Самарқанд вилоятидаги 4 та оилавий поликлиникада бепул скрининглар ўтказилди. Ушбу скрининг текширувлари 30-49 ёшли аёллар орасида ташкил этилиб, жами 44258 нафар аёл текширувлардан ўтказилди. Уларнинг 338 нафарида бачадон бўйни саратон олди касалликлари аниқланди ва бу аёллар тегишли тиббиёт муассасаларига даволаниш учун юборилди. Улар ҳозирда халқаро стандартларга мувофиқ керакли даво муолажаларини олмоқда.
Касалликларни эрта босқичда аниқлаш учун йилига 3 миллион кишини скрининг текширувларидан ўтказиш ва 35-65 ёшдаги аёлларни бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони учун скрининг билан қамровини 70 фоизга ошириш вазифаси қўйилган.
Касалланиш ва ўлим даражаси юқори бўлишига қарамасдан одам папиллома вируси юзага келтирадиган бачадон бўйни саратон олди касалликларини тўлиқ даволаш имкони мавжуд.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бачадон бўйни саратони 90 фоиз ҳолатларда одам папиллома вируси томонидан чақирилган инфекциялардан бошланади.
Саратон ривожланишнинг дастлабки босқичларида аниқланса, уни ҳам тўлиқ тузатиш имкониятлари мавжуд.
Демак, бачадон бўйни саратонининг олдини қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш орқали ҳам олиш мумкин.
Ўзбекистонда 9-14 ёшли қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш ишлари 2019 йилда бошланган бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда 94 фоиз қизлар эмланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аёлларга бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтиб туришларини тавсия этади. Қизларни келажакда бачадон бўйни саратони касаллигидан сақлаш учун эса уларни 9-14 ёш даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш тавсия этилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси , Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ва Вирусология илмий- тадқиқот институти томонидан ўтказилган анжуман сўнгида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА