Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг маълум қилишича, 2021 йил бошида мамлакатимизда 1 минг 232 та шифохона бўлган. Ўзбекистондаги ҳар 10 минг кишига 47 та шифохона тўғри келган.
Шунингдек, 6 минг 32 та амбулатория-поликлиникага бир сменада 683 минг киши келган. Бу ҳар 10 минг кишига 197 нафарни ташкил этади. Ушбу муассасаларда хизмат кўрсатган барча тоифадаги шифокорлар сони 93 минг кишини ташкил қилган. Бу ҳар 10 минг кишига 27 нафар шифокор ёки битта шифокорга 370 киши тўғри келишини билдиради. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ва туғадиганлар учун 17,3 минг ўрин мавжуд бўлган. Фертил ёшидаги ҳар 10 минг аёлга 19 та ўрин тўғри келган.
Ҳомиладорлиги тугаган аёлларнинг фертил ёшидаги аёллардаги улуши 2021 йил бошига 8,9 фоизни ташкил қилган. Ҳисоб-китобларга асосан аҳоли соғлигини ҳозирги даражада ушлаб туриш ва яхшилаш учун аҳоли сонининг ошишини ҳисобга олган ҳолда 2030 йилгача амбулатория-поликлиникалар сонини 7 минг 41 тага етказиш лозим яъни қўшимча 1 минг 9 тага кўпайтириш зарур.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар 10 минг кишига тахминан 16 нафар шифокор ва 38 нафар ҳамшира (шу жумладан, кўпчилик мамлакатлардаги доялар) тўғри келади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Европа минтақаси мамлакатларида ҳар 10 минг кишига ўртача 34 нафар шифокор тўғри келади, Америкада – 24, Ғарбий Тинч океани минтақасида – 19, Шарқий Ўрта ер денгизида – 10, Жануби-Шарқий Осиёда – 8, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 27 нафарни ташкил этади.
Агар Европа ва Америка мамлакатларида ҳар 10 000 кишига 80 нафардан ортиқ ҳамшира тўғри келса, Ўзбекистонда 10 000 кишига 107 нафарни ташкил этади. Ўзбекистонда шифокор ва ҳамширалар сони ривожланган давлатлардагидан фарқ қилмайди. Ҳудудлар бўйича ҳамширалар сони энг паст кўрсаткичлар Сурхондарё (15 нафар), Жиззах (16 нафар) ва Қашқадарё (18 нафар) вилоятларида кузатилмоқда.
2030 йилга бориб, 10 минг кишининг шифокорлар билан таъминланиш даражаси 29,4 нафарни, тиббиёт ходимлари билан таъминланиш даражаси 117,8 нафарни ташкил этади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида банд бўлганлар сонининг реал ўсиши 20 минг кишидан ортиқни ташкил этади. Олий таълимни қамраб олишни ошириш, квоталарни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар олий маълумотли шифокорлар сонининг кўпайишини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминланиш даражасини оширади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА