Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ҳалигача 1 минг 200 та кўча номсиз қолдирилган
17:52 / 2022-02-18

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг қонунчилик ижроси ва ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида ахбороти эшитилди.

Агентлик фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хусусан, очиқ маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштириш бўйича kadastr.uz веб-сайтининг янги дизайни ишлаб чиқилган ва тўлиқ ишга туширилган. Янги сайтда интерактив хизматлар сони кўпайтирилган. 

Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармонига асосан маълумотлар ҳар чорак ёки доимий равишда янгилаб борилиши белгиланган.

Бироқ таҳлил Агентлик фаолиятида очиқликни таъминлаш, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни Очиқ маълумотлар портали ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда. 

Масалан, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотларни жамоатчиликка эълон қилмаслик ҳолатлари мавжуд. 

Мажлисда ер муносабатларига оид соҳага оид қонунчилик ижросини таъминлаш ҳолатига ҳам тўхталиб ўтилди. Ахборотда аҳоли ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган, ер билан боғлиқ бўлган коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида Бош прокуратура билан доимий ҳамкорлик ишлари ташкил этилгани таъкидлаб ўтилди. 

Хусусан, 2021 йил январь ойидан 1 декабргача республикада 10 минг 42 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят содир қилинганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қатъий ҳал қилинган. 

Шунингдек, 233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва бошқа ер эгалари 5904 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан 75,5 млн АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Ёки 76 та ҳолатда 3110 гектар ердан ноқонуний фойдаланилганлик оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига қарийб 1409 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош этилган.  

Йиғилишда, мутасадди идоралар томонидан географик объектлар номларини давлат реестрига киритиш ишлари охирига етказилмаганлиги оқибатида республика бўйича 1 минг 200 та кўча номсиз қолган. Бу ҳақда Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида қайд этилди. Бу эса ўз навбатида, турли ташкилотлар, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларини аниқлашда қийинчиликларни вужудга келтирмоқда, натижада аҳолининг ҳақли эътирозлари юзага келаётир.

Шунингдек, йиғилишда ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом талаблари туман ҳокимликлари ва кадастр бўлимлари томонидан тўлиқ бажарилмагани қайд этилди.Хабарингиз бор Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида» 461-сон қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланган ҳамда мазкур акциянинг  2019 йил 1 майга қадар давом этиши белгиланган эди.

Йиғилишда мазкур мазкур акциягада иштирок этиб, уй-жойига мулк ҳуқуқини сўраб мурожаат қилган 18 мингдан ортиқ фуқаронинг аризалари ҳамон қаноатлантирилмагани, ушбу фуқароларнинг йиллаб мобайнида ташкилотлар орасида сарсон бўлаётгани қайд этилди.

Муҳокамалар жараёнида билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шаҳноза Маматуропова,ЎзА