Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда “Герофарм” билан ҳамкорликда инсулин ишлаб чиқарилади
10:27 / 2022-02-02

Москвада Россиянинг “Герофарм” биотехнология компанияси раҳбарияти билан ҳаёт учун зарур бўлган инсулин дори воситасини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини шакллантириш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида битим имзоланди.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек “Герофарм” иштирокида мамлакатимизда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши қандли диабетдан азият чекаётган беморлар учун бир неча турдаги муҳим дори воситалари оммабоплигини сезиларли даражада оширади ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.

“Герофарм” МЧЖ МДҲ ва ЕОИИ мамлакатлари биотехнологик дори ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи корхона ҳисобланади. Компания эндокринология соҳасида юқори технологияли маҳсулот экспорт қилади. “Герофарм” инсулинларига Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорида талаб катта.

Юқоридаги ҳужжатга мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россия ишлаб чиқарувчисига лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак беради. Яқин келажакда томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар мазмуни ва муддати акс этадиган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб тасдиқлайдилар.

Гўзал Сатторова, ЎзА