Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокидаги 201 та корхона фаолият кўрсатмоқда
16:50 / 2022-09-30

Пойтахтимимздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон – Тюрингия ишбилармон доиралари ҳамда вазирлик ва идоралари иштирокида бизнес-форум ҳамда «B2B» ва «B2G» форматларида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тюрингия Иқтисодий ривожланиш агентлиги (LEG) ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Жорий йилнинг 29-сентябрдан 1-октябргача Германиянинг Тюрингия федерал ўлкаси ишбилармонлари делегациясининг Ўзбекистонга илк ташрифи амалга оширилмоқда. Немис делегацияси таркибига 20га яқин немис фирма ва компаниялари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари киритилган.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Тюрингия озод ўлка бўлиб, Германиянинг 16та федерал еридан бири ҳисобланади. Ўлкада 2,1 миллион фуқаро яшайди. Минтақа ялпи ички маҳсулоти 61,5 миллиард еврони ташкил қилади. Ўлкада кимё, озиқ-овқат, автомобиль, автокомпонент ва турли ускуналар ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика хизматлари ҳамда илм-фан, турли кластер ва инновацион парклар фаолияти кенг ривожланган.

Мазкур тадбирни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Др. Тилло Киннер кириш сўзи билан очди.

Форум доирасида Германия Иқтисодий ривожланиш агентлигининг инвестициялар, ташқи алоқалар ва кластерни ривожлантириш бўйича ижрочи директори доктор Арнульф Вульфф томонидан “Тюрингия Федерал давлати ҳақида” тақдимот ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад кооператив ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз ва Тюрингия Федерал ўлкаси тадбиркор ва ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Айтиш жоизки, Германия дунёдаги барча соҳалар бўйича энг ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Машҳур Volkswagen, BMW, Daimler сингари немис автомобиль брендлари кўпчиликка таниш. Қолаверса, кимёвий ва фармацевтика концернлари Bayer, BASF, HenkelGroup ва бутун дунёга машҳур бўлган кўплаб немис ишлаб чиқарувчилари бор.

Мазкур ташриф доирасида амалга оширилаётган тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ҳақида сўз борди. Хусусан, 2022-йилнинг 5 ойи якунларига кўра, коронавирус пандемияси тарқалиши билан боғлиқ чеклов чораларига қарамай, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошиб, 499,4 миллион долларни ташкил этган. Шу жумладан, Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти – 34,5 миллион доллар, импорт – 464,9 миллион долларни ташкил этди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокидаги 201 та корхона ҳамда 31 та фирма ва компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур тадбирлар ҳам икки давлат ишбилармон доираларининг ҳамкорликка интилиши мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш изчил ўсиб боришига, савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА