Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда гендер зўравонликка қарши кураш: анъанавий таҳдидлардан рақамли хатарларгача
11:29 / 2025-11-25

25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган. Таъкидлаш керак, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлиги мамлакатлар тараққиётининг муҳим омили саналади. 

Бугун юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. 

Айтиш жоизки, сўнги йилларда диёримизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари янги сифат босқичига кўтарилди. Ўзбекистон хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашлардан ҳимоя қиладиган барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. 

Шунингдек, ўлкамизда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. 

Маълумки, гендер зўравонлик инсоннинг жинси туфайли унга нисбатан қўлланиладиган зўравонлик ҳаракатидир. У эркакларга ҳам, аёлларга ҳам нисбатан содир бўлиши мумкин, лекин бунда аксарият ҳолларда аёллар ва қизлар кўпроқ жабр кўради.

Афсуски, сўнги вақтларда дунёда оила-турмуш муносабатлари доирасида аёллар, болалар ва кексаларга нисбатан жабр-зулм ва зўравонлик қилиш ҳоллари кўплаб учрамоқда. Маълумотларга кўра, ҳар йили аёлларнинг 38 фоизи, шунингдек, 1,5 миллиардгача болалар оилада турли кўринишдаги зўравонлик ва шафқатсиз муомалага, Европада эса ҳар беш нафар боладан бири жинсий зўравонликка дучор бўлмоқда. 

– Ўзбекистонда қийноқлар ва зўравонликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб бориляпти, - дейди БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, гендер зўравонлик бўйича дастурий таҳлилчиси Нигорахон Мадазимова. – Ватанимизда инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини назорат қилиш тизими шакллантирилган. “Гендер зўравонликка қарши 16 кун” халқаро кампанияси ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабргача ўтказилади. 2025 йилда кампания “Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” шиори остида ўтмоқда. Ушбу шиор онлайн ва технологиялар ососида содир этилаётган гендер зўравонликнинг ортиб бораётган хавфига эътиборни қаратади.

Мамлакатимизда гендер зўравонликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада кучайди, дейиш мумкин. Қонунчилик такомиллаштирилди, ижтимоий хизматлар кенгайтирилди ҳамда жабрланганларнинг реал эҳтиёжларига мос ёндашувлар жорий этилди. Бироқ тараққиёт билан бирга янги хавф-хатарлар ҳам юзага келмоқда. Рақамли макон онлайн таъқиб, интернет орқали безовта қилиш ва бошқа шакллардаги зўравонликлар учун яна бир майдонга айланмоқда. Кўпинча бу тажовуз шакллари аёллар ва қизларга нисбатан қаратилади.

Эксперт Н.Мадазимованинг таъкидлашича, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда технологиялар ёрдамида содир этиладиган гендер зўравонлик бўйича Миллий ҳуқуқий шарҳ ташаббусини амалга оширди. Тадқиқот натижалари Сенатга тақдим этилди ва масъул вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда рақамли зўравонликка қарши курашиш бўйича асосий тавсиялар ва зарур чоралар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, UNFPA глобал даражада “Body Right” медиа кампаниясини ишга туширди. Бу рақамли розилик ва онлайн зўравонликдан ҳимоя масалаларида хабардорликни оширишга қаратилган халқаро ҳаракатдир. Кампаниянинг мақсади - рақамли саводхонликни ошириш, фойдаланувчиларнинг тасвирлари ва шахсий материаллари устидан назорат ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда барча учун хавфсиз онлайн маконни яратишдир.

Онлайн ва реал ҳаёт ўртасидаги чегаралар тобора йўқолиб бораётган бир пайтда шуни унутмаслик керакки, зўравонликка на рақамли дунёда, на ҳақиқий ҳаётда ўрин йўқ. 

Гўзал Сатторова, ЎзА