Бухорода “Ижтимоий тадбиркорлик иқтисодий ривожланиш ва гендер тенглигини таъминлаш омили сифатида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури томонидан ташкил этилди. Унда 30 нафар маҳаллий ишбилармон, тадбиркорлик уюшмалари ва бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда давлат идоралари вакиллари қатнашди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар аёлларнинг ҳуқуқий билимини янада кенгайтириш, улар орасида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларнинг тадбиркорликдаги фаоллиги иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши, барча соҳаларда гендер тенгликни рағбатлантириш устувор аҳамият касб этиши тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишончли қонунчилик базаси яратилгани таъкидланди.
[gallery-17612]
Маълумотларга кўра, гендер тенгликка эришишга йўналтирилган ислоҳотлар натижасида 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштироки 21 фоиздан 37 фоизга ошган. Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш борасида дунёнинг энг тез ривожланаётган бешта давлатидан бири сифатида эътироф этилган. Эришилган натижаларга қарамасдан, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, қобилиятларини ва тадбиркорлик салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Ушбу ҳаракатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш йўналишида минтақавий даражада кенг кўламли дастурларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари