Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда «Гендер тенглик белгиси» сертификати жорий этилди
13:16 / 2022-05-17

БМТ Тараққиёт дастурининг «Гендер тенглик белгиси» халқаро инновацион дастури давлат ташкилотлари, хусусий компания ходимлари ва бошқа ҳамкорларни ўз фаолиятида гендер жиҳатларни ҳисобга олишга ундайди.

Шунингдек, бу гендер тенгликнинг глобал мақсадларига эришиш учун зарур бўлган ўзгаришларни тезлаштиришга ёрдам бериши мумкин.

Гендер тенгликни сертификатлаш 2009 йилдан буён муваффақиятли жорий этилмоқда. 2021 йил июль ойидан бошлаб давлат муассасалари учун сертификатлаштиришнинг расмий ишга туширилиши ҳисобига ҳозирда «Гендер тенглик белгиси» кенгаймоқда.

Ўзбекистонда ҳам «Гендер тенглик белгиси» сертификати кенг жорий этилади. Сертификат тақдимоти Давлат божхона қўмитаси биносида ўтказилди.  

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссияси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Сенатнинг Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенглик масалалари бўлими, Давлат божхона қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг тегишли масалалар бўйича вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда тажриба тариқасида амалга оширилаётган ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш бўйича давлат муассасаларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда эътироф этишга қаратилган.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад Давлат божхона қўмитасининг вилоятлардаги бошқармалари раҳбарлари, ходимлари ва вакилларини 2022-2023 йилларда Қўмита иштирок этадиган «Гендер тенглик белгиси» халқаро сертификатлашдан ўтиш жараёнлари билан таништиришдан иборат. Халқаро сертификат олиш ва гендер бўйича ишлар режасини муваффақиятли амалга ошириш учун халқаро экспертлар ҳам жалб этилади.

Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг қабул қилиниши хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш йўлидаги катта қадамдир.

Шу билан бирга, қарорлар қабул қилишда ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда, айниқса, ҳудудларда хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга жиддий эътибор қаратишни талаб қиладиган масалалар ҳам бор.

Шу муносабат билан «Гендер тенглик белгиси» дастури давлат сиёсати ҳамда дастурларининг гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтиришга таъсирини кучайтириш ва натижаларини ошириш учун давлат муассасаларида гендер муаммоси ҳисобга олинишига кўмаклашади.

Тадбир сўнггида Давлат божхона қўмитасида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссия бошчилигида БМТ Тараққиёт дастурининг «Гендер тенглик белгиси» халқаро дастурини ишга туширишга қарор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг жорий йил 27 апрелдаги «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида 2022-2024 йилларда божхона органлари тизимида аёл ходимлар улушини камида икки баравар ошириш назарда тутилган.

                                                                          Н.Абдураимова, ЎзА