Барча одамлар диний эътиқодидан, миллатидан, ирқидан ва бошқа ўзига хослигидан қатъи назар тенглиги ҳақида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган замонавий меъёрларида белгиланган. Бу қоида БМТ қабул қилган 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (2-модда), Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт (2-модда) ва бошқа халқаро битимларда ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқ умумэътироф этилган меъёрларининг ўрни ҳақида таъкидлаб, шу билан бирга, берилган қоидаларни бир қатор моддаларда, жумладан, 4, 8, 31-моддаларда мустаҳкамлаган.
Конституциянинг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» дейилган. Миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатишга жавобгарликни ўрнатувчи ЖК 156-моддаси ушбу ҳолатларнинг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.
Жиноятнинг бевосита объекти бўлиб, миллий, ирқий, этник ёки диний белгиларига кўра нафратни ёки адоватни қўзғатиш кўринишидаги экстремистик ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича конституцион тамойилни кафолатловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
ЖК 156-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони, миллий шаън ва қадр-қимматини ерга уриш, фуқароларнинг диний ёки атеистик қарашлари билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш ҳамда фуқароларнинг миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб бевосита ёки билвосита ҳуқуқларни чеклаб қўйиш, бевосита ёки билвосита имтиёзларни белгилаш ҳолатларидир.
Миллий шаън ва қадр-қимматини ерга уриш, фуқароларнинг диний ёки атеистик қарашлари билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш билан боғлиқ ҳаракатлар деганда, турли миллат, ирқ, этник гуруҳ ёки конфессияларга тааллуқли фуқаролар орасида адоват, нафрат қўзғатиш, зиддиятларни вужудга келтиришга йўналтирилган ҳар қандай ҳаракатни тушуниш лозим. Бундай ҳаракатлар у ёки бу миллат, ирқ вакилларини қўрқоқликда, сотқинликда ва бошқа уларга лойиқ бўлмаган хусусиятларда айблаш, ҳақорат қилиш билан тавсифланади.
Фуқароларнинг миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб бевосита ёки билвосита ҳуқуқларини чеклаб қўйиш, бевосита ёки билвосита имтиёзларни белгилаш Ўзбекистон Республикаси фуқароси эга бўлган ҳар қандай ҳуқуқларга тегишлидир. Булар: ўқишга, ишга қабул қилишни рад этиш, шахснинг у ёки бу миллат, ирқ ёки динга мансублигидан келиб чиқиб имтиёзлардан чеклаш ва бошқалар.
ЖК 156-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят фуқароларнинг миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатишга йўналтирилган ҳаракатларнинг бирортаси содир этилган дамдан бошлаб тамомланган ҳисобланади, яъни жиноят таркибининг тамомланиши учун миллий, ирқий, этник ёки диний адоват шундай ҳаракатлар натижасида ҳақиқатдан ҳам вужудга келиши талаб қилинмайди.
Жиноят кодексининг 156-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасддан, англанган ҳолда содир этилиши билан тавсифланади. Айбдор миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатаётганини, жумладан, миллий, ирқий, этник ва диний адоватни тарғиб қилувчи материални тарқатаётгани ёки тарқатиш мақсадида тайёрлаётгани, сақлаётганини билади ва шуни хоҳлайди.
Ҳаракатнинг мотиви турлича бўлиши мумкин. Одатда, бу миллатчилик, диний дунёқараш, бундан ташқари, кўра олмаслик ва бошқа ниятлардир. Булар жиноятнинг квалификациясига таъсир қилмайди, лекин жазо белгиланаётганда инобатга олиниши зарур.
ЖК 156-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс.
А.Мамажанов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва
коррупцияқа қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси