Дунёда ахборот технологияларнинг кенг ривожланиши натижасида ўтган йиллар давомида жаҳон спорт мусобақалари тизимига фижитал ва киберспорт баҳслари кириб келди.
Хўш, фижитал мусобақалари қандай ўтказилади?
Фижитал сўзи инглизча physical(жисмоний) ва digital (рақамли) сўзлари бирлашувидан келиб чиққан. Ушбу форматдаги мусобақада спортчилар виртуал ва очиқ майдонда беллашади. Бошқача айтганда, спортчилар фижитал залларида аввал мониторда қўлларида жойстик билан, сўнгра очиқ майдонда юзма-юз рақобатлашади.
Компьютер ва спорт. Бир-биридан узоқ, таъбир жоиз бўлса, иккита қутбдаги нуқталар сифатида қаралган соҳалар XXI асрга келиб коммуникациянинг ривожланиши, рақамлаштириш жараёнларининг изчил кечиши оқибатида битта майдонда – фижитал мусобақалари тизимида бирлашди.
Бугун футбол, баскетбол, хоккей, велоспорт, стол тенниси каби ўнлаб спорт турлари ўзининг иккинчи қаноти – фижитал билан бойитилди. Бу, иштирокчи ва қизиқувчилар қамрови ошишига олиб келаётгани сир эмас.

Маълумки, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илк бор киберспорт ва фижитал спорт ўйинлари ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, белгиланган вазифалар қай даражада бажарилаётгани хусусида Ўзбекистон фижитал спорт федерацияси бўлим бошлиғи Х.Насруллаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Дарҳақиқат дунёнинг кўплаб мамлакатлари қаторида мамлакатимизда ҳам ушбу спорт йўналишларида турли мусобақалар, чемпионатлар ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил имзоланган “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам ушбу вазифалар белгилаб берилган. Шунга асосан, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда 2025 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган “Келажак ўйинлари”га ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш, маҳоратли ва салоҳиятли ёшларни саралаш мақсадида яқинда бир гуруҳ фижитал спорт федерацияси ва киберспорт мутахассислари Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида бўлиб, фижитал ва киберспорт бўйича Ўзбекистон чемпионатларини ўтказиш ишларини ўрганиб чиқди.
Вилоятлардаги спорт бошқармалари билан келишган ҳолда Ўзбекистон фижитал спорт федерациясининг ҳудудий вакиллари тайинланди. Уларнинг вазифалари белгиланди. Ҳудудларнинг туман-шаҳар кесимида мавжуд IТ марказлар, киберспорт клублари билан биргаликда футбол, баскетбол, спорт рақси бўйича аввалига ҳудудий биринчиликларни, кейин Ўзбекистон чемпионатларини ўтказиш борасидаги ташкилий масалалар таҳлил этилди, иншоотлар рўйхати шакллантирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА