Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган муҳим ҳужжатларни қабул қилди.
Булар Президентнинг “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармон ва “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари саналади.
Ушбу ҳужжатлар соҳани илмий-техник асосда янгилаш, хавфсизлик маданиятини жамиятда шакллантириш ва ҳар бир маҳаллани муҳофазаланган ҳудудга айлантиришни мақсад қилади.
Янги фармонга кўра, профилактика ишлари энди 9008 та маҳалла ва 7,5 миллион хонадон даражасида, яъни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ёндашув асосида амалга оширилади. Шу орқали ҳар бир ҳудуднинг хавф даражаси илмий усулда баҳоланиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади.
“Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор асосида эса ҳар бир маҳаллада “маҳалла муҳофазаси” хизмати ташкил этилади. Бу инспекторлар аҳоли билан ҳамкорликда ёнғин, ис гази ва электр хавфи бўйича профилактик ишлар олиб боради. 2026 йилдан бошлаб Тошкент вилоятида ушбу тизим синов тариқасида йўлга қўйилади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимлар эндиликда ҳар чоракда фавқулодда вазиятлар бўйича Кенгашлар олдида ҳисобот берадилар. Бу тизим профилактика ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Таълим соҳасида ҳам хавфсизлик маданиятини шакллантиришга эътибор кучаяди. Мактабгача таълим муассасаларида “Хавфсиз ҳаракат кўникмалари” ўргатилади, 11 мингдан зиёд мактаб ва коллежларда амалий машқлар ўтказилади. Шунингдек, “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳлари тузилиб, фаол иштирокчиларга имтиёзлар берилади.
Президентнинг учинчи рақамлаштириш ва инновациялар бўйича қарори эса соҳани замонавий технологиялар билан таъминлашни кўзлайди. 14 та устувор лойиҳа амалга оширилиб, “Digital Team” жамоаси 35 та идора мутахассисларини бирлаштиради. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти “Илмий-инновацион ва синов-тадқиқот институти” сифатида қайта ташкил этилади.
Бу жараёнда рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва маҳаллий ишлаб чиқариш асосида хавфсизлик тизимини янги босқичга кўтариш режалаштирилган.
Қабул қилинган фармон ва қарорлар нафақат давлат тизими, балки ҳар бир хонадон даражасида хавфсизлик маданиятини шакллантиришни мақсад қилади. Яъни, энди хавфсизлик давлатнинг эмас, бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси