Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда фарзандларимиз меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда
19:24 / 2023-06-01

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида таъсис этилган. 1950 йилдан бошлаб эса бу сана байрам сифатида нишонлаб келинади.

Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат ва жамият, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.  

Ўзбекистонда фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда.  

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларга риоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишидир. Бугунги кунда Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши тўғрисида бешта миллий маърузани тақдим этди.  

Бола ҳуқуқларининг қонуний кафолати босқичма-босқич такомиллашмоқда. Янгиланган Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди.  

Давлатимиз ҳар бир боланинг жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий камол топиши учун зарур ҳисобланган турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этади.  

Ота-она ёки болани тарбиялаётган бошқа шахслар ўз қобилиятлари ва молиявий имкониятлари доирасида боланинг ривожланиши учун зарур бўлган турмуш шароитини таъминлашга асосий жавобгардир.  

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди. Шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради – ушбу нормалар Конституциямизнинг 77-моддасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.  

Барчамизга маълумки, оилада болалар таъминоти ва тарбиясида ҳамда уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланишида оналар билан бирга оталар ҳам тенг масъулдирлар. Конституцияда давлат оналик билан бирга оталикни ҳамда болаликни муҳофаза қилиши белгиланди.    

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари –  боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш Бош қомус даражасида мустаҳкамланди.  

Боланинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинади. Боланинг камситилишига йўл қўйилмайди. Боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглиги таъминланади.  

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш ва бошқалар янгиланган Конституцияда ўз аксини топган.  

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз бола ҳуқуқлари таъминланишининг асосий кафолатидир.  

Алия ЮНУСОВА,

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар Омбудсмани).  

ЎзА