English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда фарзанд асраб олишдаги бюрократик тўсиқлар барҳам топдими, ёки?...
16:35 / 2022-04-19

Халқимиз болажон эканини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Ўзи емаса ҳам боласини ўйлайдиган, ҳатто набираю чевараларини қайғуриб яшайдиган, ўзи учун яшашни унутиб қўядиган одамлар орамизда жуда кўп.   

Аммо кейинги йилларда “бола сотиш”, “чақалоқ савдоси” каби ножоиз ҳолатлар ҳам кўп бора учрадики, бу азбаройи миллат шаънига мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.   

Маълумотларга қараганда, 2017-2021 йилларда бола савдоси билан боғлиқ 206 ҳолат аниқланган.

Албатта, бола сотишни оқлаб бўлмайди. Лекин бунга шароит яратган омиллардан кўз юма олмаймиз. Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда бола асраб олишнинг мураккаблиги бўлиб келган.

Аслида жаҳондаги кўплаб давлатлар амалиётида болани фарзандликка бериш кенг қўлланилади. Агар улар хоҳласа, ҳатто хориждан ҳам бола асраб олиши мумкин. Чунки турли сабаблар билан фарзанд кўрмаган ёки болаларни яхши кўрганидан боласи бўлса ҳам оиласига янги фарзандни қабул қилаётганлар ҳақида кўп эшитганмиз.

Ҳақиқатдан ҳам бола турли сабабларга кўра, етим ёки қаровсиз қолса, у Меҳрибонлик уйига топширилганидан кўра, кимгадир фарзанд қилиб берилса, унинг кейинги ҳаёти яна изга тушади. Оилавий ришталар туфайли у ҳаёт йўлларида камроқ қоқилади.

Зеро, бундай муассасалардан чиқаётган вояга етган шахсларнинг жамиятга қўшилишида доим муаммо бўлган. Миллий гвардия ходимлари кейинги 11 йил давомида Меҳрибонлик уйларида тарбия топган 19-30 ёш оралиғидаги шахслар ҳаётини ўрганиб, таҳлилдан ўтказганда маълум бўлишича, шу йилларда 3 минг 637 нафар тарбияланувчи мустақил ҳаётга қадам қўйган. Лекин уларнинг 2,5 мингдан ортиғи турмуш қурмаган, 1 минг 473 нафари ишсиз, 347 нафари чет элга чиқиб кетган, 22 нафари вафот этган ҳамда 43 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйгач, ёлғизланиб қолаётгани, ижтимоий адаптация жараёни оғир кечаётганини кўрсатиб турибди.

Шу нуқтаи назарда мамлакатимизда фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқишга қаратилган тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган таҳлиллар ушбу йўналишда кўплаб муаммолар борлигини кўрсатган. Бунга барҳам бериш учун  Меҳрибонлик уйларига Миллий гвардия асосий ҳомий этиб белгиланди.

Миллий гвардия раҳбарияти эса Меҳрибонлик уйларини ривожлантириш эмас, балки уларда сақланаётган болалар учун оила қўрғонлари бунёд этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бошлаб юборди. Болани фарзандликка бериш бўйича бюрократик тўсиқлар барҳам топа бошлади. 

Ўзбекистонда Оилавий болалар уйлари ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилгани нафақат фарзандсиз, балки фарзанди бўлса ҳам етимнинг бошини силашни савоб ва шараф деб биладиган юртдошларимиз учун айни муддао бўлди. 

Айни пайтда юртимизда 118 та Оилавий болалар уйи бор. Меҳрибонлик ва болалар уйларидаги 1724 бола асосан Оилавий болалар уйларига ҳамда яқин қариндошлари қарамоғига берилган. 

Меҳрибонлик уйи ва “Болалар шаҳарчалари”дан 16 таси аллақачон ёпилиб кетди. Бундай хайрли ишлар аждодларимиздан қолган етимнинг бошини силашдек эзгу қадрият давом этаётганини кўрсатмоқда. 

Меҳрибонлик уйлари эса истаймизми-йўқми, катта бир муассаса, қанчалик яхши шароит бўлса ҳам, болага қанчалик эътибор берилса ҳам, бу маскан барибир оила бўла олмайди. Ахир болаларнинг ўша муассаса деразасидан кўчага мўлтираб қараб, ота-онасини кутиб яшаши ҳеч кимга сир эмас.

Оилавий болалар уйи эса боланинг устини бутлаб, қорнини тўйдириш ва ўқитиш билан чекланмай, том маънода унинг бошини меҳр билан силаш, яъни чинакам меҳрибон ота-она қўлларини ўз ичига олади. 

Зотан, болалар чинакам оилавий ришталар оғушида яшаб, ишонч билан оёққа туриши, бу йўлда яқинларига суяниб, бағри бутун яшашига не етсин?!

Хўш, бола асраб олмоқчи бўлган оилалар муаммога дуч келмаяптими? Бюрократик тўсиқлар тўла барҳам топдими? 

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Ўралова Меҳрибонлик уйидан бола асраб олиш ниятида ўтган йилдан бери ҳаракат қилаётганини айтиб бизга мурожаат қилди. 

– Оилавий шароитимиз жуда яхши. Илгари ҳам қариндошларимизнинг етим бўлиб қолган бир ўғли ва бир қизини тарбия қилганмиз, – дейди Гулчеҳра Ўралова. – Улар ҳозир вояга етиб, оила ҳам қуришди. Етимнинг бошини силаш катта савоб экани, қолаверса, юртимизда Оилавий болалар уйлари ташкил этилаётгани учун мен ҳам шундай қилишга қарор қилдим. 2021 йил октябрь ойидан бери ҳужжат йиғаман. 18 та ташкилотдан розилик олганман. Миллий гвардия ходимлари келиб, барча шароитимизни ўрганишди ва ижобий хулоса беришди. Наманганда Меҳрибонлик уйи ёпилиб кетгани учун Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйидан бола асраб олишга ҳаракат қиляпман. Аммо ҳали ҳам ниятимни амалга ошира олмадим. Тўғри, бир ойча олдин туман ҳокими қарори чиқиши ва ниятим амалга ошиши керак эди. Бунга бор-йўғи бир қадам қолган эди. Аммо туманимизда ҳоким алмашгани сабабли ишим яна орқага кетди. Яна ўрганиш, яна кутиш... Қачонгача кутар эканман, билмадим?...   

Дарвоқе, ҳужжат ишлари тугагунча Гулчеҳра Ўралова Меҳрибонлик уйидаги болалар билан мулоқот ўрнатиши, содда қилиб айтганда, қайси бола у билан кетишни хоҳласа, уларни ўзига ўргатиши керак эди. Дастлаб борганида Гулчеҳра билан кетишни хоҳлаган болалар кўп бўлган. Улардан 6 таси унга ажратилган. Бошида уларнинг ўзаро муносабатлари яхши бўлган. Лекин кейинчалик “болалар боришни хоҳламаяпти” деган баҳона билан унга болалар кўрсатилмаган. Фақат ногиронлиги бўлган бир нафар қиз Гулчеҳра билан мулоқотни давом эттирмоқда. 

Шу ерда ҳам қизиқ савол туғилади: нега болалар оилага боришдан бош тортди? Бу махсус ўрганиш талаб қиладиган масала. Ахир Меҳрибонлик уйлари ёпилиб кетаверса, уни бошқариб турганлар нима қилади? Ёки ишсиз қолиш кимга ёқади?

Гулчеҳра Ўралова турмуш ўртоғи фермер эканини, томорқасида рўзғорда зарур бўлган 90 фоиз маҳсулот етиштирилишини айтар экан, шу кунларда қулупнайлар пишганини, болажонларим келса, тўйиб-тўйиб ер эди, дейди. Болаларга муштоқ бўлиб ўтирган бу Онага тўсиқ қўймай, уни қўллаш керак.

Бир кичкина туртки билан мутасаддилар пайсалга солиб ўтирган бу ишни битказиб юборади, деган умидда воқеага дахлдор айрим ҳолатлар ҳақида ҳозирча батафсил ёзмадик...        

                                               Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА