Мева-сабзавотнинг жаҳон бозорига экспорт ҳажмини кескин ошириш учун соҳадаги тўсиқлар олиб ташланиши лозим. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, конвертациянинг эркинлашуви, экспорт чекловлари, соҳадаги яширин солиқлар ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун олдиндан тўловнинг бекор қилиниши, экспорт қилувчиларга Марказий банкдан нақд пул берилиб, уларнинг томорқа эгаларидан маҳсулотларни нақд пулга сотиб олишига имкон берилиши каби омиллар маҳсулотлар экспортининг ошишига хизмат қилади.
Мева-сабзавотчилик жами ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 32,2 фоизини (мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8,7 %) ташкил этгани ҳолда қишлоқ жойларида аҳолининг асосий даромадларидан бири ҳисобланади. Саноатнинг қатор тармоқларини ривожланишига ўзининг бевосита таъсирини кўрсатади.
Хўш, бугун Ўзбекистондан хорижга экспорт қилинадиган мева-сабзавотларга қандай талаблар қўйилади? Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
– Мева-сабзавотчилик мамлакатимиз учун жаҳон аграр ва озиқ-овқат бозорларига интеграциялашувни ва валюта тушумини таъминлаб берувчи тармоқлардан бири бўлиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Алоҳида эътироф этиш лозимки, кейинги йилларда республикамизда мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига республика бўйича 1 миллиард 37 миллион долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари 69 та давлатга экспорт қилинди. Маҳсулотлар асосан Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Қирғизистон, Беларусь каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Албания, Жазоир, Баҳрайн, Болгария, Қатар, Қувайт, Мексика, Марокаш, Норвегия, Уммон, Панама, Словения, Таиланд ва бошқа бир қатор давлатлар бозорлари ҳам ўзлаштирилди.
Умуман олганда, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хорижий давлатларда бўлган талаб ҳар бир мамлакатнинг аҳоли талабидан келиб чиқади. Россия давлатига узум, мева, сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилмоқда. Қозоғистон бозорини таҳлил қиладиган бўлсак, асосан сабзавот (75,1 миллион доллар), узум (38 миллион доллар), мева (48,8 миллион доллар) ва қуритилган мева-сабзавотлар (14,9 миллион доллар) маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Сабзавотлардан –помидор (15 миллион доллар), пиёз (13,5 миллион доллар ), оқ бош карам (11,3 миллион доллар), гул карам (4 млн. доллар), мевалардан – олхўри (11,3 миллион доллар ), хурмо (12,4 миллион доллар ), олма (4,1 миллион доллар), қуритилган мева-сабзавотлардан қуритилган қизил қалампир (3,3 миллион доллар), қуритилган олма (2,8 миллион доллар) ва бошқа маҳсулотлар экспорти амалга оширилмоқда.
Маълумки, мева-сабзавотчилик тармоғининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 32,2 фоизини ташкил этади. Аммо жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Республиканинг мазкур бозордаги улуши бир фоизга ҳам етмаяпти. Ушбу маҳсулотларинг мамлакат экспорти таркибидаги улуши эса атиги 7 фоизни ташкил қилади.
Ҳар йили мамлакатимизда ўртача 22 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шундан, сабзавот 51,4 фоиз, картошка 16 фоиз, полиз 11 фоиз, мева 13,6 фоиз ва узум 8 фоизни ташкил этади. Ушбу етиштириладиган маҳсулотлардан ўртача 13 миллион тоннаси аҳолининг ички истеъмолига, 0,6 миллион тонна захирага, 2,5 миллион тоннаси қайта ишлашга йўналтирилади. Юқоридаги рақамлар кўрсатиб турибдики, аҳолининг ички истеъмолини қондириш ҳамда ички нарх барқарорлигини сақлаш давлатимиз олдида турган асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
Сўнгги 5 йилда экспорт ҳажми 2 баробарга ошди. Бироқ бугун Ўзбекистоннинг дунё бозоридаги улуши бир фоизга ҳам етмаяпти. Бунга бир қатор сабаблар келтириш мумкин. Масалан, айрим ҳолларда, импорт килувчи давлатларнинг Стандарт ва меъёрларига риоя қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Бунинг натижасида импорт амалга оширилаётган давлатларда бизнинг маҳсулотларимизга нисбатан салбий фикр шаклланишига олиб келади.
Биз олдимизга савол қўйишимиз керак: Бугун Ўзбекистонда қайси экинларга сармоя киритиш истиқболли ҳисобланади? Шуни қайд этишим лозимки, ҳозирги кунда сармоя учун 5 та экин – гилос, голубика, сархил малина, кўкатлар ва помидор энг истиқболли ҳисобланади. Кейин Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг деярли барча технологиялари кенг кўламли бўлиб, йирик мевали гилоснинг суперинтенсив боғлари ҳам энг яхши истиқболга эга. Тан олиш керакки, мамлакатдаги сабзавотчилик секторидаги мавжуд ассортимент ҳали ҳануз етарли эмас. Шунингдек, транспорт харажатларининг юқорилиги, ҳўл ҳолда экспорт қилинадиган маҳсулот сифатининг тез бузилиши натижасида юзага келадиган катта йўқотишлар, таъриф ва нотаъриф тўсиқлар ва бошқаларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
2022-2023 йиллар қиш ва баҳор мавсумига жами 583 минг тонна, шундан, 291 минг тонна картошка, 74,5 минг тонна пиёз, 138 минг тонна сабзи, 79 минг тонна гуруч маҳсулотларини захира қилиш режалаштирилган. Бунда, республиканинг 254 та тоғли ва олис чўл ҳудудлари аҳоли пунктларида ҳам озиқ-овқатлар захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудларда маҳсулотларни сақлаш учун жами 1 миллион 560 минг тонна қувватдаги 4 минг 374 та омборхона ва совутгичли сиғимлар хатлов қилиниб, мавсумга тайёрланди ҳамда захирага жамғариладиган маҳсулотлар кўрсаткичлари туманлар кесимида шакллантирилди. Ҳудудларда етишмайдиган маҳсулотларни бошқа ҳудудлар ёки импорт ҳисобидан қоплашнинг ҳам аниқ манбалари белгиланди.
Масалан, картошка етишмайдиган Қорақалпоғистон (23 минг тн), Бухоро (43,3 минг тн), Жиззах (20,9 минг тн) вилоятларига асосан Самарқанд, Тошкент вилоятидан ҳамда 40 минг тоннаси импорт ҳисобидан; гуруч етишмайдиган Бухоро (4,7 минг тн), Жиззах (5,9 минг тн), Қашқадарё (13,9 минг тн), Навоий (3,4 минг тн) вилоятларига асосан Қорақалпоғистон, Хоразм ва Сирдарё вилоятларидан етказиб бериш ташкил этилди.
Бугунги кунгача белгиланган 583 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўрнига жами 614,2 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилди.
Жумладан, ҳудудий тайёрлов корхоналарида 594,7 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларида 19,5 минг тонна маҳсулотлар захира қилинган. Республиканинг 53 та туманидаги 254 та бориш қийин бўлган тоғли ва олис чўл зоналарига бугунги кунгача 12,5 минг тонна ун, 1 минг 622 тонна ўсимлик ёғи, 1 минг 829 тонна шакар, 1 минг 692 тонна гуруч, 7,9 минг тонна картошка етказиб берилди. Захира қилинган маҳсулотларни асосан 2023 йилнинг январь-май ойларида бозорлар ва савдо комплексларида алоҳида расталардан бепул фойдаланган ҳолда сотиш йўлга қўйилади. Бозорларда нархларни барқарор сақлаш ва озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида асосий турдаги озиқ-овқатлар ва қишлоқ хўжалиги (картошка, пиёз, мева-сабзавотлар, гуруч, гўшт, тухум, балиқ, ичимликлар ва бошқа) маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ер ва сув ресурслари чекланган шароитда тобора ўсиб бораётган мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришнинг асосий йўли соҳада интенсив технологияларни кенг жорий этишдир.
Интенсив олма боғларини ташкил этиш учун Польша, Сербия ва Европанинг бошқа мамлакатлардан интенсив пакана ва ярим пакана мевали кўчатлар ва парвантлари олиб келиниб, республикадаги фермер ва тадбиркорлар томонидан замонавий боғлар барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳамда қолган вилоятларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мос кўчатлар танлаб олиниб, босқичма-босқич интенсив мевали боғлар барпо этилмоқда. Республикада 2022 йил 1 январь ҳолатига жами 71 минг гектар майдонда интенсив боғлар мавжуд бўлиб, жорий йилнинг шу давригача 15 минг гектар интенсив боғ барпо этилди. Бугунги кунда жами интенсив боғлар майдони 86 минг гектарни ташкил этади.
Бугунги кунда олма боғларининг ҳар бир гектаридан ўртача 6-10 тонна ҳосил олинаётган бўлсада, интенсив олма боғларида ўртача 25-40 тоннагача ҳосил олинмоқда. Интенсив олма боғлар барпо этиш учун пакана ва ярим пакана пайвантагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари экилади. Бундай боғлар тез ҳосилга кириши, ҳосилдорлиги анъанавий боғларга нисбатан бир неча баробар юқори эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Интенсив боғларни афзаллиги – бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун уларга шакл бериш, кесиш, кимёвий ишлов ўтказиш, меваларини териш қулай. Боғларда ёруғликдан самарали фойдаланилиши, ҳаво айланишининг яхшилиги учун мева сифати юқори бўлади. Мевасини теришда ҳам анча қулайликлар бор, айниқса симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади. Бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулотнинг товар сифати ҳам юқори бўлиб, нобуд бўладиган мевалар сони камаяди. Оддий олма дарахти экилганидан бошлаб дастлабки ҳосилини бергунига қадар одатда 3-4 йил ўтади. Интенсив боғдорчиликда эса дарахт иккинчи йилдаёқ ҳосилга киради.
Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига 30-40 фоизгача сув иқтисод қилинади. Томчилатиб суғориш натижасида минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлади. Интенсив боғларни парваришлашда ўз вақтида олиб борилган агротехник жараёнлар тўлиқ ва сифатли ўтказилса, янги экилган пакана ва ярим пакана (интенсив) боғлар иккинчи-учинчи йилдан бошлаб ҳосилга кира бошлайди. Мазкур боғлар иккинчи йилда гектарига 5-10 тонна, учинчи йилда гектарига 15-20 тонна ҳосил беради. 4-5 йилга бориб гектарига 40-60 тонна ҳосил олиш мумкин ва бу йилдан йилга ошиб бориб, оддий маҳаллий боғларга нисбатан 3-5 баробар кўп ҳосил беради.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.