Кадастр агентлигининг маълум қилишича, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари кенг қамровда ўрганиб чиқилган.
Ўрганишлар натижасида 9 356 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, уларнинг умумий майдони 18 089,5 гектарни ташкил этди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан:
13 та ҳолат (2,6 га) юзасидан судларга далолатномалар киритилиб, қонунчилик асосида ҳал этиш чоралари кўрилди;
6 та ҳолат (1,9 га) бўйича ер майдонлари бевосита давлат ихтиёрига қайтарилди;
9 343 та ҳолат (18 086,9 га) юзасидан ҳудудий ҳокимликларга расмий тақдимномалар юборилди.
Шу асосда 9 010 та ҳолатда (17 799 га) ер майдонлари давлат ихтиёрига қайтарилиши таъминланди.
Кўрилаётган чоралар мамлакатда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисмини ташкил этади. Ер майдонлари иқтисодиётнинг стратегик таркибий қисми ҳисобланиб, улардан самарасиз фойдаланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмига, озиқ-овқат хавфсизлигига ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Кадастр органлари томонидан судларга мурожаат қилиш, ҳокимликларга тақдимномалар юбориш ва ерларни давлат ихтиёрига қайтариш каби чоралар ер майдонларидан қонун доирасида ва мақсадли равишда фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бу жараён орқали:
— ердан оқилона фойдаланиш,
— унинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш,
— қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш,
— инвестициявий жозибадорликни таъминлаш
каби устувор вазифалар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, аниқланган ва давлат ихтиёрига қайтарилган ер майдонлари давлатнинг ер ресурсларини муҳофаза қилиш борасидаги қатъий сиёсати самараси ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар ва фермерлар учун қонуний асосда ердан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, ерга эгалик қилиш маданиятини юксалтиради ҳамда миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлайди.
Демак, ердан мақсадсиз фойдаланишга қарши кўрилаётган чоралар нафақат қонун устуворлигини таъминлашга, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА