Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда энг юқори тезликни соатига 10 километрга камайтириш 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин
15:59 / 2023-02-14

Мамлакатимизда автоҳалокатлар сони ортаётгани ва бунга асосан тезликни ошириш сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Мана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш йўлида фуқароларимиз қандай тавсияларга амалга қилиши зарур? Тезликнинг пасайтирилиши ва йўллардаги ўлим даражаси ўртасида қандай боғлиқлик бор?  

Мазкур саволларга Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти  катта илмий ходими Одилжон Назаров қуйидагича жавоб берди.  

–Яқинда илмий муассасамиз экспертлари ўрнатилган максимал тезликнинг пасайтирилиши йўлдаги ҳолат ва автоҳалокатлардаги ўлим даражасига қандай таъсир қилишини ўрганди, – деди у. – Албатта, бу жараёнларни ўз вақтида таҳлил қилиш ва фуқароларга зарур тавсияларни бериш бизнинг бурчимиздир.  

Демак, бу борада олинган натижаларга тўхталиб ўтсам. Шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 километрга камайтириш ўлим даражасини йилига 0,8 кишига (ҳар 100 000 кишига нисбатан) камайтиришда ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш деганидир. Энг юқори тезлик ўртача ҳаракат тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Ҳаракат тезлиги ва саёҳат вақтига асосий таъсир этувчи омил йўл инфратузилмасининг сифати ҳисобланади.  

Шунингдек, қонун устуворлиги (Rule оf lаw) рейтингининг 1 баллга ортиши ҳар йили йўлларда ўлим даражасини 3,3 кишига (ҳар 100 000 кишига нисбатан)қисқартириши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 1,3 миллион киши ҳалок бўлади ва 20-50 миллион киши жароҳат олади.  

Шу билан бирга, йўл транспорт ҳодисалари туфайли жаҳон иқтисодиётига ҳам сезиларли зарар етишини таъкидлаш лозим. “Йўл ҳаракати хавфсизлигига инвестиция қилиш: глобал хусусий сектор мажбурияти” номли тадқиқот натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисалар глобал иқтисодиётга йилига 518 миллиард доллар зарар келтиради. Халқаро миқёсда таҳлил қилиш мақсадида биз 140 та мамлакатга оид маълумотларни тўпладик.  

Тадқиқот натижаларига асосланиб, тезликни пасайтириш транспортнинг ўртача тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва йўллардаги ўлим даражасини қисқартиради, деган хулосага келиш мумкин. Бироқ тезликни чеклаш фақат тегишли инфратузилма мавжуд бўлса, ижобий таъсир кўрсатади. Бу хавфсизликни таъминлаш ва ўртача тезликни сақлашда муҳим омил ҳисобланади.  

Бундан ташқари, паст тезликда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларида оғир жароҳатлар улуши камаяди. Бу соғлиқни сақлаш харажатларини камайтириш ва ҳалокатдан кейин одамларнинг тезроқ соғайишига имкон яратади.  

Иқтисодий нуқтаи назардан, йўл транспорт жароҳатлари натижасидаги зарар паст даромадли мамлакатларда ялпи миллий маҳсулотнинг тахминан 1 фоизига, ўрта даромадли мамлакатларда 1,5 фоизига ва юқори даромадли мамлакатларда 2 фоизига тенгдир.  

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди