Марказий банк томонидан илк бор “Банк омонатлари бозори” таҳлили эълон қилинди.
Унда Ўзбекистондаги омонатлар борасида муҳим маълумотлар берилган. Хусусан, ёш тоифалари бўйича депозит ҳисобварақлари таркибининг таҳлили шуни кўрсатадики, омонатчиларнинг асосий қисми ёшлар ва ўрта ёш вакилларидир. Энг кўп ҳисобварақ 16-30 ёшдаги фуқаролар томонидан очилган бўлиб, уларнинг сони 13,3 миллионни ташкил этади.
Бу эса уларни энг йирик сегментга айлантиради ва ёшларнинг банк хизматларидан фаол фойдаланишини акс эттиради. Шунга яқин фаоллик 31-40 ёш гуруҳида ҳам кузатилади – 12,84 млн. ҳисобварақ. Бу эса ушбу тоифадаги аҳолининг барқарор даромадлари ва шаклланган молиявий одатлари билан изоҳланади.
Содда қилиб айтганда, энг кўп омонатларни 16-30 ёш орасидагилар очган — 13,3 млн. Ундан кейинги ўринларда 12,4 млн. билан 31-40 ёшдаги аҳоли бўлиб турибди.
Каттароқ ёшдаги аҳолида омонатлар сони анча камроқ. Болалар учун очилган омонатлар эса янада камроқ, атиги 126,2 мингтани ташкил қилди. Омонатларнинг валюталари сифатида миллий валюта – сўм, АҚШ доллари ва евро қўлланилади. Деярли барча тижорат банклари миллий валютадаги омонатларни таклиф этади, бозор миқёсида эса жами 108 та омонат мавжуд бўлиб, улар 32 та тижорат банкининг барчасида тақдим этилган.
Хорижий валютада 78 та омонат мавжуд бўлиб, улар 28 та банкни қамраб олади. 69 та омонат АҚШ долларида деноминация қилинган бўлиб, 28 та банк томонидан таклиф этилади.
Энг кўп таклифлар анъанавий офлайн форматига тўғри келади – фақатгина банк бўлимлари орқали мавжуд бўлган 84 та маҳсулот. Тўлиқ масофавий тарзда, офисга ташриф буюрмасдан расмийлаштириш имконини берувчи онлайн формат 33 та маҳсулот билан ифодаланган. Омонатларнинг фоиз ставкалари миллий ҳамда хорижий валютада сезиларли даражада фарқланади.
Сўмдаги омонатлар сегментида бозор асосини 21 фоиздан паст ставкали маҳсулотлар ташкил этиб, улар 23 та банкда 54 та таклифни ўз ичига олади. Шу билан бирга, юқори даромадли омонатларнинг сезиларли улуши сақланиб қолмоқда: 21 фоиз ва ундан юқори ставкали 47 та маҳсулот мавжуд бўлиб, улар орасида максимал 23 фоиз йиллик ставкалар ҳам бор.
Ш.Маматуропова, ЎзА