Жамиятда адолат барқарор бўлиши учун суд тизими, айниқса, судьялар мустақил бўлиши шарт.
Шу билан бирга, судьянинг билим ва малакаси юқори, виждони соф бўлса, ҳар қандай масалани қонуний ва адолатли ҳал қила олади.
Судьялар олий кенгаши судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда ана шу жиҳатларга эътибор қаратиш билан бирга судьяларнинг кейинги фаолиятида уларнинг нафақат малакасини ошириб бориш, балки маънавий жиҳатдан юксалишлари учун зарур чораларни амалга оширмоқда.
Шу мақсадга қаратилган китоблар, фильмлар яратилиб, суд ходимларига етказилмоқда. Бундан ташқари, судьяларнинг фаолиятини баҳолаб бориш учун рейтинг тизими ҳам ишлаб чиқилди. Унда қарорлари бекор бўлмаётган, ноқонуний ҳолатларга йўл қўймаётган, яъни фақат адолатли қарор чиқарадиган судьялар яхши кўрсаткичларга эриша олади.

Чунки адолатли ечим топмаган иш тугамайди. Унинг устидан шикоятлар тушиши, протестлар келтирилиши ва оқибатда қарор бекор қилиниши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган судьяларнинг рейтинг кўрсаткичларида юқори натижаларга эришган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган.
Судьялар олий кенгаши қарорига кўра, одил судловга эришишдаги кўрсаткичлари баробарида ўзининг чуқур билими ҳамда маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган 16 нафар судья мазкур мукофотга лойиқ, деб топилди.
Тизим тарихида биринчи марта 16 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлади.
Гоҳида суд инстанциялари юқорилаб боргани сари унда кучлироқ судьялар ишлайди, деб ўйлаймиз. Аммо рейтингда энг қуйи суд вакиллари ҳам бор.
Яъни мукофотга сазовор бўлганлар орасида Олий суддан то туман суди судьяларигача бор. Бу номзодларни саралашда холислик ва очиқлик устувор аҳамият касб этганини яққол кўрсатади.
Куни кеча бўлиб ўтган онлайн маросимда мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
“Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланганлар орасида Олий суд судьялари Илҳомжон Раҳманкулов, Ҳуснора Ҳакимова, Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг раиси Музаффар Сапаев, Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси Эркинжон Собиров, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг раиси Фирузжон Ёдгоров, Жиноят ишлари бўйича Арнасой тумани судининг раиси Мақсуд Эрназаров, Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг раиси Аҳрор Ғаппоров, Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси Фаррух Жумақулов, Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси Санобар Тўрабоева, Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ тумани судининг раиси Марат Эргашев, Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Жаҳонгир Турдимурадов, Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг раиси Санжар Аллабердиев, Фарғона вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Аброрхон Акрамов, Боғот туманлараро иқтисодий судининг раиси Баҳодир Давлатов, Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Жамшид Садинов, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг раиси Ғайрат Эргашевлар бор.
Н.Абдураимова, ЎзА